Хавфсизлик йўлидаги профилактик тадбирлар давом этмоқда
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш ички ишлар органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада жамоат жойларида совуқ қурол ва ўткир тиғли ашёларнинг қонунга хилоф равишда олиб юрилишига қарши профилактик чора-тадбирлар кучайтирилмоқда.
Тошкент вилоятида ўтказилаётган "Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбири доирасида сўнгги 25 кун давомида вилоят ИИББ ҳамда унинг қуйи тизимлари томонидан "Тиғ" махсус профилактик тадбирлари изчил ташкил этилди.

Тадбирлар давомида кўча ва жамоат жойларида, шунингдек, бошқа ҳудудларда ўткир тиғли ашёларни қонунга хилоф равишда олиб юрган 1 минг 817 нафар шахс аниқланди. Улардан жами 1 минг 911 дона ўткир тиғли ашё белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур ашёларнинг 1 минг 571 таси пичоқ, 68 таси кастет, 38 таси бита, 234 таси эса бошқа турдаги тиғли жисмлардир. Профилактик тадбирлар натижасида фуқароларга тан жароҳати етказилиши билан боғлиқ эҳтимолий жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи муҳим натижаларга эришилди.
Маълумот учун, қонунга хилоф равишда совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185²-моддасига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Тезкор-профилактик тадбирлар Тошкент вилояти ҳудудида давом эттирилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА