Маҳалла ёшларига байрам туҳфаси
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами арафасида Пахтаобод тумани Мустаҳкам маҳалласидаги 43-умумтаълим мактабида ёпиқ мини футбол майдони фойдаланишга топширилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирокида футбол майдонининг очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари Фарҳоджон Ҳожиматов ва бошқалар мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёш авлодни юксак салоҳиятли ва жисмонан соғлом камол топиши учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Мустаҳкам маҳалласидаги мактаб ҳудудида барпо этилган ушбу маскан ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди. Энди нафақат мактаб ўқувчилари, балки Мустаҳкам, Маърифат ва Чорбоғ маҳаллаларининг уюшмаган ёшлари ҳам бу ерда спортнинг футбол тури билан шуғулланиш имконига эга.
[gallery-30803]
-– Умумий қиймати 1,5 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида қуриб битказилган ёпиқ мини футбол майдони маҳалла ёшлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, – дейди “Мустаҳкам” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исмоилжон Юнусов. – Барча шароитларга эга бўлган масканда маҳалламиздаги минг нафарга яқин ёшлар футбол ўйнаб, саломатлигини мустаҳкамлаши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши мумкин. Президентимиз ташаббуси билан юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун бу каби қулайлик ва шарт-шароитлар яратиб берилаётганлигидан беҳад мамнунмиз.
Бир сўз билан айтганда, барпо этилган ушбу ёпиқ футбол майдони ёшларга, уларнинг спорт билан шуғулланишига, соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилаётган эътиборнинг намунасидир.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.