“Made in Uzbekistan” брендининг Россия бозоридаги ўрни янада мустаҳкамланади
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида Россия Федерацияси йирик савдо тармоқларидан бири – “Магнит”нинг стратегик ҳамкорлари ҳисобланган “Grand Trade” ҳамда “МТТ Kargo” компаниялари, шунингдек, маҳаллий маҳсулот етиштирувчилар иштирокида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда 160 дан ортиқ маҳсулот етиштирувчи субъектлар, соҳанинг қатор вакиллари иштирок этди.
Учрашувда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз корхоналарининг экспорт салоҳияти, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳақида тақдимот ўтказди. Шунингдек, маҳсулотларнинг мавсумий турлари, кутилаётган ҳосил ҳажми ва ташқи бозор талабларига мослик даражаси юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
“Grand Trade” компанияси вакиллари Россия бозоридаги замонавий талабларга алоҳида тўхталиб, маҳсулотларни калибровка қилиш, замонавий қадоқлаш, фитосанитар хавфсизликни таъминлаш ҳамда логистика тизимининг ишончлилиги бугунги кунда асосий мезонлардан бири эканини таъкидлади, дейилади Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотида.
Мазкур учрашув маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда “Made in Uzbekistan” брендининг Россия бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА