Маданият ва санъат соҳаси ходимларининг юксак мукофотлари
Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий маданиятимиз нуфузини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармон ҳам соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фидойи маданият ва санъат намояндаларини муносиб рағбатлантиришга хизмат қилди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, бугун маданият ва санъат соҳасининг бир қатор вакилларига юксак давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Тақдирланганлар орасида маҳоратли актёр Шоҳрух Ҳамдамов ҳам бор. Давлатимизнинг юксак мукофоти — “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган актёр Шоҳрух Ҳамдамов ўз қувончини шундай изҳор этди: — Бу эътироф мен учун нафақат катта шараф, балки улкан масъулият ҳамдир.
Президентимиз томонидан кўрсатилган бундай юксак эътибор янада кўпроқ изланиш ва фидокорона меҳнат қилишга ундайди. Келгусида миллий кино санъатимиз намуналарини халқаро майдонларда муносиб намоён этиш, мазмунли образлар орқали маданиятимиз ривожига ҳисса қўшиш асосий мақсадимиз бўлиб қолади.
Н. Раҳмонова, ЎзА