Давлат мукофотлари топширилди
Бугун Тошкент вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ижросига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Маросимда таъкидланганидек, мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларининг меҳнати муносиб қадрланиб, уларнинг миллий маънавиятимизни юксалтириш, бой маданий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги хизматларига юксак баҳо берилмоқда.

Президент фармонига мувофиқ, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Тошкент вилояти вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев мукофот соҳибларини самимий қутлаб, уларга давлат раҳбари номидан орден ва медалларни тантанали равишда топширди.

Тадбирда сўзга чиққан мукофот соҳиблари кўрсатилаётган юксак эътибор ва эътироф учун мамлакатимиз раҳбарига ҳамда халқимизга самимий миннатдорлик изҳор этди. Маросим иштирокчилари давлат мукофоти соҳибларининг кўп йиллик самарали меҳнати, ижодий фаолияти ва жамият ҳаётидаги муносиб ўрни мамлакат тараққиёти ва маънавий юксалишида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
А. Мусаев, ЎзА