Адабиёт фидойиларининг хотираси – халқ ардоғида
Инсоннинг чигал тақдири, маънавий поклик ва ижтимоий адолат учун кураш устоз ижодкорлар Одил Ёқубов, Саида Зуннунова, Ўткир Ҳошимов асарларининг ғоявий устун жиҳатларини ташкил этади.
Айни пайтда ўзбекона орият, инсоф ва диёнатни, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўқувчиларга тақдим этишда Одил Ёқубов, миллий қадриятлар ва оиланинг муқаддас эканини тараннум этишда Саида Зуннунова, ўзбекнинг бошига тушган глобал муаммоларни қаламга олишда Ўткир Ҳошимов яратган ижодий мактаб диққатга сазовор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга кўра, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов “Буюк хизматлари учун”, Ўткир Ҳошимов “Эл-юрт ҳурмати”, устоз шоира Саида Зуннунова эса “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ушбу ижодкорларнинг порлоқ хотирасини ёдга олиш, уларга эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бошчилигидаги бир гуруҳ қаламкашлар Ватанимизнинг юксак мукофотига муносиб топилган адиблар хонадонида бўлишди. Шунингдек, марҳум ижодкорлар мангу қўним топган масканларга бориб, Қуръон тиловат қилдилар ва устоз ижодкорларнинг қабрларини зиёрат этдилар. — Бугун янги Ўзбекистонда эл севган ижодкорлар хотирасини улуғлаш ва улар номини абадийлаштириш ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмига айланди, — деди Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. — Дунёдан ўтган улуғ устозларнинг асарларини ёшлар қалбига сингдириш нафақат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг, балки бутун миллатнинг муқаддас бурчи. Адабиёт яшаса — миллат яшайди.
[gallery-29690]
Шу боис, халқ бахтини куйлаган ёзувчиларимизнинг пок номлари доим ардоқда бўлади. Адабиёт намояндалари устоз ижодкорлар Одил Ёқубов, Саида Зуннунова ва Ўткир Ҳошимовнинг оила аъзолари хонадонида бўлиб, уларга Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширди. Адабиёт дарғаларининг оила аъзолари кўрсатилаётган эътибор ва эъзоз учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА