Маданият маркази янги қиёфада
Бухоро вилояти Шофиркон туманида аҳолининг маданий-маърифий ҳаётини бойитиш, ёшларнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, маҳаллаларда замонавий ижтимоий инфратузилмани шакллантиришга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Бу гал тумандаги “Кўришкент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 42-сонли “Мустақиллик” маданият маркази тубдан янгиланиб, фойдаланишга топширилди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, маданият ва санъатни ривожлантириш, айниқса, ёш авлоднинг маънавий камолотини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада маданият муассасаларини замонавийлаштириш, уларни аҳолига яқинлаштириш ва ҳар бир маҳаллада ижодий муҳитни шакллантириш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Шофиркондаги мазкур маданият марказининг қайта таъмирланиб, жиҳозланиши ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Лойиҳа учун жами 997 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шундан 847 миллион сўм бинони замонавий талаблар асосида таъмирлаш ва атрофини ободонлаштиришга, 150 миллион сўм эса марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уни зарур мебель, жиҳозлар ва техник воситалар билан таъминлашга сарфланди.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Multicolor” масъулияти чекланган жамияти томонидан бажарилди. Натижада марказнинг ташқи ва ички қиёфаси тубдан ўзгариб, ташриф буюрувчилар, ижодий жамоалар ва маданий тадбирлар иштирокчилари учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Янги маданият марказининг очилиш маросимида туман ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ҳамда соҳа ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар маданият ва санъат муассасалари жамиятнинг маънавий ҳаётида тутган ўрни, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, ёш авлодни ватанпарварлик ва эзгулик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталдилар.
Дарҳақиқат, маданият маркази фақат тадбирлар ўтказиладиган бино эмас. У маҳаллада ижодий муҳитни шакллантирадиган, турли авлод вакилларини бирлаштирадиган, ёшларнинг қизиқиш ва истеъдодини кашф этишга хизмат қиладиган маънавий маскандир. Шу жиҳатдан, бундай муассасаларнинг замонавий қиёфа касб этиши билан бирга, мазмунан ҳам бойиб бориши муҳимдир.
Янгиланган “Мустақиллик” маданият марказида бунинг учун етарли имкониятлар яратилган. Жумладан, турли йўналишдаги ижодий тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш учун махсус машғулот хоналари, замонавий томоша зали, нуронийлар маскани ҳамда ёшларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилувчи “Заковат” интеллектуал клуби учун алоҳида хоналар ташкил этилган.
Бу ерда болалар ва ёшлар мусиқа, санъат, адабиёт ҳамда бошқа ижодий йўналишларда ўз қобилиятини ривожлантириши, билим ва маҳоратини ошириши мумкин. Энг муҳими, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш учун янги имкониятлар пайдо бўлди.
Марказда нуронийлар учун алоҳида маскан ташкил этилгани ҳам эътиборга молик. Бу ерда ёши улуғ инсонлар мазмунли ҳордиқ чиқариши, ўзаро мулоқот қилиши, бой ҳаётий тажриба ва маънавий меросини ёш авлод билан баҳам кўриши мумкин. Бу эса авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни мустаҳкамлаш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришга хизмат қилади.

Лойиҳанинг қамрови ва ижтимоий аҳамияти ҳам салмоқли. Янгиланган маданият маркази нафақат Кўришкент маҳалласи, балки унга туташ яна 15 та маҳаллада яшовчи жами 55 минг нафар аҳолига маданий-маърифий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.
Бу эса ҳудудда концерт дастурлари, ижодий учрашувлар, маънавий-маърифий кечалар, интеллектуал беллашувлар ва турли маданий тадбирларни мунтазам ташкил этиш учун мустаҳкам замин яратади. Айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни санъат ва ижодга жалб қилиш, янги истеъдодларни кашф этиш борасида марказнинг имкониятлари кенг.
Тантанали маросимда маданият марказини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларида фаол иштирок этган қурувчилар, мутахассислар, масъуллар ҳамда маҳалла фаолларига миннатдорлик билдирилди. Иштирокчилар яратилган шароитлар билан танишиб, марказнинг келгусидаги фаолияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири