Маданий мерос объектларини кадастрга киритиш ишлари кучайтирилади
Ўзбекистонда маданий мерос объектларини асраш ва келажак авлодга етказиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Давлат ҳимоясидаги тарихий обидалар, археологик ёдгорликлар ва меъморий иншоотлар рўйхати янада кенгайтирилиб, миллий меросни муҳофаза қилиш тизими такомиллаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, Ҳукуматнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур қарор мамлакатимиз ҳудудидаги моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг тарихий-маданий қийматини асраб-авайлаш ҳамда давлат ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
Қарорга асосан, Андижон, Бухоро, Фарғона, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган археологик ёдгорликлар, тарихий ва меъморий иншоотлар, монументал санъат объектлари ҳамда диққатга сазовор масканларнинг миллий рўйхати қайта кўриб чиқилди. Натижада бир қатор янги объектлар давлат муҳофазасига олиниб, уларга маданий мерос мақоми берилди.

Шунингдек, айрим объектларнинг баланс сақловчилари, фойдаланиш ҳуқуқи ҳамда муҳофаза ҳудудларига оид маълумотлар ҳам янгиланди. Бу эса маданий мерос объектларини асраш, улардан оқилона фойдаланиш ва келажак авлодларга етказиш борасидаги масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.
Ҳужжатга асосан, Маданий мерос агентлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда объектларни белгиланган тартибда давлат кадастрига киритиб бориш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, моддий маданий мерос объектларини хатловдан ўтказиш, уларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда давлат муҳофазасини мустаҳкамлаш ишлари изчил давом эттирилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, шу кунгача миллий рўйхатга киритилган 8370 та маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган эди. Янги тасдиқланган қарорга асосан яна 67 та янги объект рўйхатга қўшилиб, муҳофазадаги объектлар сони 8437 тага етди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА