Низосиз ишларни кўриш тартиби осонлашади
Қонун лойиҳасига шарҳ
Сўнгги йилларда суд ишлари, шу жумладан суд буйруғи тартибида кўриб чиқиладиган ишлар кўлами ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилда судлар томонидан 484 мингта, 2024 йилда 965 мингта, 2025 йилда 1 миллион 520 мингта суд буйруғи тартибида ишлар кўрилган.
Ушбу ҳолат эса судьялар иш юкламасининг кескин ошишига, ортиқча ресурс сарфланишига олиб келиши билан бирга, даъво тартибидаги ишларни мазмунан кўриб чиқиш сифатига ҳам таъсир қилади. Қонунчиликка кўра, қарздорлардан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкини талаб қилиш учун нотариал қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро хатларини ёзиш мумкин.
Нотариуслар томонидан 2023 йилда 44 мингта, 2024 йилда 55 мингта, 2025 йилда қарийб 115 мингта ижро хатлари ёзилган.

Қонунчилигимизга кўра, нотариусларнинг ижро хатлари ва суд буйруқлари тенг юридик кучга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам ижро этилишга мажбурийдир. Низосиз ишларни нотариусга ўтказиш мумкин бўлсада, бу турдаги ишлар судларга қўшимча юклама бўлмоқда.
Таҳлилларга кўра, суд буйруғи берилганлиги ва нотариус томонидан ижро хатлари ёзилганлиги учун ундириладиган давлат божи миқдорлари ўртасида кескин тафовут бор. Хусусан, нотариус томонидан ижро хатлари ёзилганлиги учун давлат божи ундириладиган сумманинг бир фоизини ташкил қилади.
Парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормаларга кўра, низосиз ишларни кўриш осонлашмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларидаги суд буйруғи тартибида кўриладиган айрим низосиз талабларга оид ишларнинг доираси қайта кўриб чиқилмоқда.
Лойиҳага кўра, биринчидан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача бўлган миқдордаги айрим низосиз ишларни нотариуслар томонидан ижро хати ёзиш орқали кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда.
Иккинчидан, энди ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш билан боғлиқ талабларнинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан кўп бўлган тақдирда суд томонидан буйруқ тартибида кўриб чиқилади.
Шунингдек, нотариуслар томонидан қайд этилган ижро хатларини Мажбурий ижро органига электрон тарзда юбориш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунда ижро хатларини ёзиб берганлик учун ундириладиган сумманинг миқдори нотариус томонидан бундай нотариал ҳаракатни амалга оширганлик учун сарфланадиган ҳақиқий харажатлар миқдорига мувофиқлаштирилмоқда.
Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар суд тизими самарадорлигини ошириш, низосиз талабларни ҳал этиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда нотариал хизматлар қамрови ва сифатини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА