“Ўзмиллийбанк” АЖ ва “China International Capital Corporation” ўртасида Хитой капитал бозорига чиқиш юзасидан 1,5 млрд. юань миқдоридаги келишув имзоланди
2026-йил 6-май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов бошчилигидаги делегациянинг Гонконг махсус маъмурий худудига расмий ташрифи доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ (“Ўзмиллийбанк” АЖ) ва “China International Capital Corporation” ўртасида мандат келишуви имзоланди. Мазкур ҳужжат Гонконг фонд биржасида 1,5 млрд. юань (220 млн. АҚШ долл. экв.) миқдоридаги “дим-сам” облигацияларини чиқаришни ташкил этишни кўзда тутади.
Мазкур ҳужжат Гонконг шаҳрида ўтказилган биринчи Ўзбекистон-Хитой иқтисодий форуми доирасида имзоланган бўлиб, ушбу тадбир икки давлатнинг ҳукумат вакиллари, молиявий тузилмалар ва бизнес доираларини бирлаштирди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ халқаро капитал бозорларида Хитой юанидаги облигацияларни жойлаштиришни ташкил этиш бўйича “China International Capital Corporation” билан ҳамкорлик келишувига эришган Ўзбекистондаги биринчи тижорат банки бўлди.
Мазкур келишув Ўзбекистон корпоратив қарздорларининг Хитой қарз капитали бозорига дебют чиқиши учун асос яратади ҳамда томонларнинг ўзаро узоқ муддатли манфаатларига таянган ҳолда ушбу инструментни ривожлантиришга бўлган ёндашувни акс эттиради. Шу билан бирга, облигацияларни жойлаштириш бўйича якуний қарор бозор конъюнктураси, геосиёсий вазият ва фоиз ставкалари динамикасини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.
«Ўзмиллийбанк» АЖ 2020 йилдан буён халқаро капитал бозорининг фаол иштирокчиси сифатида Лондон ва Вена фонд биржаларида умумий қиймати 1,13 млрд АҚШ доллари эквивалентидаги 3 та эмиссияни муваффақиятли амалга оширди. Мазкур траншлар доирасида 900 млн АҚШ доллари ҳамда 2,9 трлн сўм миқдоридаги еврооблигациялар муомалага чиқарилди.
Имзоланган келишув йирик ва узоқ муддатли молиялаштириш манбаларидан бири бўлган Хитой капитал бозорига “Ўзмиллийбанк” АЖнинг чиқиш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, Хитойнинг етакчи молия институтлари, жумладан, “Industrial and Commercial Bank of China”, “Bank of China”, “Agricultural Bank of China”, “Bank of Communications”, “Industrial Bank Co., Ltd.”, “China Construction Bank” ва “China Minsheng Bank” билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Мазкур ҳужжат 2026 йилга мўлжалланган Давлат инвестиция дастури доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ олдига қўйилган халқаро молия институтларидан жами 1,5 млрд АҚШ доллари миқдорида молиялаштириш жалб қилиш вазифаси ижросини ҳам таъминлайди.
Бундан аввал “Ўзмиллийбанк” АЖ ишчи гуруҳи томонидан Гонконг шаҳрида “China International Capital Corporation” жамоаси кўмагида Хитойнинг йирик молия институтлари ва институционал инвесторлари билан “Non-Deal Road Show” форматидаги қатор учрашувлар ўтказилди.
Тадбирда Хитойнинг 20 дан ортиқ етакчи молия институтлари, жумладан, “Bank of Communications”, “Industrial Bank of China”, “CMBC Capital”, “Ping An Securities”, “Haitong International”, шунингдек, “Value Partners”, “Fountainhead”, “Arkkan”, “L&R”, “Lux Aeterna” ва “Enhanced Investment Products” каби активларни бошқарувчи компаниялар иштирок этган.
Бундан ташқари, “T. Rowe Price”, “Ninety One”, “Brevan Howard”, “Pictet” ва “TT International” каби қатор халқаро институционал инвесторлар билан хам учрашувлар бўлиб ўтган.
Учрашувлар давомида “Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган макроиқтисодий ислохотлар, “Ўзмиллийбанк” АЖнинг 2025-йил якунлари бўйича молиявий натижалари, банкнинг ривожлантириш стратегияси хамда халқаро капитал бозорларига чиқиш борасидаги истиқболли режалари бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Инвесторлар томонидан “Ўзмиллийбанк” АЖнинг Хитой юанидаги облигацияларини жойлаштириш имкониятларига юқори қизиқиш билдирилди, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти рахбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юқори бахо берилди. Хитой молия институтлари, жумладан, “China International Capital Corporation” билан стратегик хамкорлик – ҳалқаро капитал бозорларига чиқиш ва молиявий ресурсларни диверсификация қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун:
- “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ 1991-йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг энг йирик тизимли ахамиятга эга банки хисобланади.
2025-йил якунларига кўра, банк активлари 12 млрд. АҚШ долл.дaн ошди, кредит портфели 9,0 млрд. АҚШ долл.га етди, жами капитал 1,6 млрд. АҚШ долл.дaн ортди. Соф фойда эса 160 млн. АҚШ долл.ни ташкил этди. Бу республика банк тизимидаги энг юқори кўрсаткичлари ҳисобланади.
2. 1995-йилда ташкил этилган “China International Capital Corporation” (CICC) Хитойда замонавий инвестиция банкинг соҳасининг илк иштирокчиларидан бири хисобланади хамда миллий капитал бозорини ривожлантиришда мухим ўрин тутиб, хитойлик ва халқаро инвесторлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Компания инвестиция-банк консалтинги, капитал бозорларида жойлаштиришларни ташкил этиш, активларни бошқариш хамда брокерлик ҳизматларини ўз ичига олган кенг кўламли ҳизматларни тақдим этади.
CICC Хитойнинг материк қисмида кенг тармоққа, шунингдек, Гонконг, Сингапур, Лондон ва Нью-Йорк шахарларида ҳорижий офисларига эга бўлиб, трансчегаравий битимларни, жумладан, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги лойихаларни амалга оширишда иштирок этиб келмоқда. 2024-йил якунларига кўра, CICC’нинг жами активлари 92,4 млрд долларни, хусусий капитали 16 млрд долларни, соф фойдаси эса 777 млн долларни ташкил этди.