"Лос-Анжелес-2028": Ўзбекистон флаг футболида Олимпия имконияти
Мамлакатимизда 2028 йилнинг 14-30 июль кунлари Америка Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари ривожини таъминлаш, миллий терма жамоаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Спорт вазирлигида “Лос-Анжелес-2028” дастурига киритилган Америка футболи ва флаг футболни ривожлантириш ва оммалаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган тақдимотда шу ҳақда сўз борди.
Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Америка футболи ва флаг футбол федерацияси раиси вазифасини бажарувчи Иқболжон Мамажонов ва мутахассислар иштирок этган тақдимотда Ўзбекистонда мазкур спорт турининг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 3,8 минг нафардан ортиқ спортчи флаг футбол билан шуғулланиб келмоқда. Уларга 66 та муассасада 100 нафарга яқин мураббий амалий ва назарий машғулотларни олиб бормоқда.
Ўтган йили Тошкентда флаг футбол бўйича 13 тадан ортиқ жамоа иштирокида илк бор Ўзбекистон чемпионати ўтказилиб, эркаклар ва аёллар терма жамоалари шакллантирилди.
Жорий йил октябрь ойида Ўзбекистон Америка футболи ва флаг футбол федерацияси Халқаро Америка футболи федерацияси (IFAF) аъзолигига қабул қилиндики, бу, юртимиз флаг футболчиларининг “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун курашиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Таъкидланганидек, бунинг учун Ўзбекистонда флаг футбол инфратузилмасини кенгайтириш, мураббийлар малакасини ошириш ва терма жамоаларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА