Жиззахлик автопойгачилар умумжамоа ҳисобида биринчи
21 - 22 ноябрь кунлари Жиззах шаҳридаги “Наврўзбулоқ” пойгагоҳида автокросс бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Мамлакат ҳудудий босқичларида ғолиб чиққан 65 нафар автопойгачи чемпионлик учун трассага чиқди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамда унинг Жиззах вилоят кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мусобақа муросасиз кечди. Иштирокчилар ғалаба учун бор маҳорат ва имкониятларини ишга солди.

Пойгада спортчилар “А-7”, “А-8”, “Миллий” ва “Багги” синфларидаги автомобилларни бошқарди. Мураккаб трасса, кескин бурилишлар ва юқори тезлик ҳайдовчилардан катта маҳорат талаб қилди. Айниқса, ҳар бир бурилишда тезкор қарор қабул қилиш ва рақиблар ҳаракатини тўғри баҳолаш муҳим эди.

Икки кунлик беллашувлар якунида мезбонлар жамоаси умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Жиззахликлар алоҳида синфларда ҳам рақибларига имконият қолдирмади.
Тўртта йўналишдан учтасида жиззахлик автопойгачилар шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди. “А-7” синфида Темур Аҳрорқулов маррага биринчи бўлиб етиб келди. “Миллий” автомобиллар йўналишида Фурқат Аҳрорқуловнинг қўли баланд келди. “Багги” синфида эса Равшан Қобулов барча рақибларини ортда қолдирди.

“А-8” синфида тошкентлик Фозил Қобилов ғалабани нишонлади. Жиззах воҳаси вакиллари Самандар Ҳусанов ва Ғайрат Одилов ҳам совринли ўринларни эгаллади.

Мусобақа сўнггида ғолиблар ва совриндорлар “Ватанпарвар” ташкилотининг медаль, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА