Ёшларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлиги илмий асосда таҳлил қилинмоқда
Шу кунларда мамлакатимиздаги ўрта таълим ва спорт таълими муассасаларида ўқувчи-ёшларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлик даражаси илмий асосда таҳлил қилинмоқда.
Бўстонлиқ туманидаги 1-сон умумий ўрта таълим мактаби, спорт мактаби ва Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабида Ўзбекистон давлат спорт академияси ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан ўқувчи-ёшларнинг тайёргарлик даражаси комплекс ўрганилиб, илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилди.
Тадқиқотлар давомида ўқувчи-спортчиларнинг жисмоний, функционал ва руҳий тайёргарлик кўрсаткичлари лаборатория воситалари ёрдамида диагностика қилинди.

Олинган натижалар асосида уларнинг жисмоний ривожланиши, функционал имкониятлари ва умумий тайёргарлик даражаси қиёсий таҳлил этилиши назарда тутилмоқда.
Бундай ўрганиш ва таҳлил ишлари мамлакатимиздаги мавжуд 208 та туман ва шаҳарлардаги таълим муассасалари, спорт мактабларида ўтказилиши режалаштирилган.
Хўш, бундай таҳлиллар нима беради? Энг аввало, мамлакатимиз ёшларининг жисмоний, руҳий ва функционал имкониятлари қай даражада эканини, уларнинг қайси спорт турларига мослашиш ва ютуқларга эришиш даражасини кўрсатиб бериши билан аҳамиятли.
-Бўстонлиқ тумани ва Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабида олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, ўқувчиларнинг индивидуал ривожланиш хусусиятларини баҳолаш, жисмоний тайёргарлик даражасидаги тафовутларни аниқлаш ҳамда машғулот юкламаларини индивидуаллаштириш бўйича илмий асосланган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилишига асос бўлмоқда. Энг асосийси, ушбу саъй-ҳаракат умумий ўрта таълим ва спорт таълими муассасаларида жисмоний тарбия ҳамда спорт машғулотларини илмий асосда ташкил этиш, иқтидорли ёшларни спортга йўналтириш тизимини такомиллаштириш имконини тақдим этади, - дейди Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳомжон Турсуналиев.

Мазкур тадқиқот ва илмий ёндашув ўқувчи-спортчиларнинг спорт салоҳиятини эрта аниқлаш, ривожланиш динамикасини мунтазам мониторинг қилиш, машғулот жараёнини такомиллаштириш ҳамда спорт тайёргарлиги самарадорлигини оширишга қаратилгани билан эътиборли.
Т.Рўзиев,
ЎзА