Лондоннинг “юраги” транспортдан холи қилинди
Лондон марказидаги машҳур “Оксфорд-стрит” кўчасининг қарийб бир километри пиёдалар ихтиёрига ўтди. Янги тартибга кўра, Орчард-стрит ва Грейт-Портленд-стрит оралиғида автомобиллар, автобуслар, таксилар, велосипедлар ва электр самокатлари ҳаракати тақиқланди.
Чекловлар кучга кириши билан харидорлар транспортдан холи кўчада эркин ҳаракатлана бошлади, автобуслар эса бошқа йўналишларга бурилди. Лондон мэри Содиқ Хон савдо шохобчаларига ташриф буюриб, Рождество байрами олдидан кўчани хавфсизроқ ва қулайроқ қилишга қаратилган ташаббусни тарғиб қилди.
Такси ҳайдовчилари янги тартиб ногиронлиги бўлган йўловчиларнинг манзилига етиб боришини қийинлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Бундай тажриба Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам қўлланилган. Хусусан, Парижда 2020 йилда Риволи кўчасининг катта қисми пиёдалар ва велосипедчиларга ажратилган бўлса, Брюсселда 2015 йилда Анспах бульварининг 800 метрлик қисми транспорт ҳаракати учун ёпилган. Дастлаб айрим савдогарлар савдо ҳажми пасайганини билдирган, кейинчалик эса сўровда қатнашганларнинг 85 фоизи лойиҳани қўллаб-қувватлаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА