Дубайда олтин билан безатилган пиёдалар йўлаги барпо этилади
Дубай жорий йил охиригача шаҳарда дунёдаги энг узун ва муқобили бўлмаган, 24 каратли соф олтиндан тайёрланадиган илк пиёдалар йўлаги очилишини маълум қилди.
Ушбу лойиҳа Дубайнинг глобал сайёҳлик ва олтин савдоси маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, ташриф буюрувчиларга тилла йўлак бўйлаб сайр қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, ҳудудда Яқин Шарқдаги энг йирик заргарлик кўргазмасини ташкил этиш ҳамда ўсиб бораётган талабни қондириш учун янги савдо майдонларини кенгайтириш режалаштирилган. Йил бошидан бери ушбу ҳудудда улгуржи олтин савдоси офислари 20 фоизга, қимматбаҳо буюмлар ва ҳашаматли соатлар дўконлари эса 15 фоизга кўпайган.
Мазкур хабар Дубай навбатдаги иккита Гиннес рекордлари ўрнатилганини нишонлаётган бир пайтда эълон қилинди. “Joyalukkas Jewellers” заргарлик уйи томонидан ҳинд маданиятидаги товус қуши рамзидан илҳомланиб яратилган ва “Мингта товус” деб номланган анъанавий услубдаги 22 каратли тилла сирғалар дунёдаги энг оғир ҳамда энг катта сирға сифатида тан олинди.
Заргарларнинг бир неча ойлик синчков қўл меҳнати маҳсули бўлган ушбу санъат асарининг соф вазни 16,5 килограммдан ошади ва бу аввалги рекорддан беш баравар кўпдир. Амирликнинг Иқтисодиёт ва туризм вазири иштирокида ўтказилган тантанали маросимда Гиннес вакиллари томонидан расмий сертификатлар топширилди. Сотувга қўйилмайдиган ушбу ноёб сирғалар Дубай шаҳрида доимий экспонат сифатида сақланади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА