Куз-қиш мавсумида эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланмоқда
Куз-қиш мавсумида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларнинг кундалик турмуши билан боғлиқ харажатларини енгиллаштириш давлат ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Айни кунларда бу борада белгиланган чора-тадбирлар доирасида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш ва унинг манзилли етказилишини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 28 октябрдаги "Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, белгиланган мезонларга мос келадиган эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларга ноябрь ойида бир миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилиши белгиланган.
Айни пайтда Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларидаги маҳаллаларда ушбу ёрдамни олувчиларга тегишли хабарномаларни етказиш ишлари давом этмоқда. Жараёнда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси вакиллари ҳам иштирок этиб, маҳаллалардаги ижтимоий ходимларга амалий кўмак бермоқда. Бунда ёрдамнинг ҳақиқий эҳтиёжманд хонадонларга ўз вақтида ва манзилли етиб боришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи Гулшода Бердиёрова икки нафар фарзандини ёлғиз тарбияламоқда. Фарзандларидан бирининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли уни даволатиш жараёнида турли қийинчиликларга дуч келган. Ана шундай вазиятларда давлат томонидан кўрсатилган ижтимоий кўмак оила учун муҳим таянч бўлган.
— Мен ёлғиз онаман, икки нафар фарзандим бор, — дейди Гулшода Бердиёрова. — Улардан бирининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли даволаниш жараёнида анча қийналган пайтларим бўлган. Ана шундай мураккаб вазиятда давлатимиз томонидан кўрсатилган ёрдам менга катта таянч бўлди. Маҳалламиздаги ижтимоий ходим оилавий шароитимиз билан мунтазам қизиқиб, зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Яқинда газ ва электр энергияси тўловларини қоплаш учун бир миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилгани ҳақида хабарнома олиб келди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик биз каби ҳаёт синовларини енгиб ўтаётган оилалар учун катта далда, айни пайтда моддий енгиллик ҳамдир. Кўрсатилаётган ёрдам учун давлатимиздан чин дилдан миннатдорман.

Вилоятда мазкур Фармон ижросини таъминлаш доирасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган 44 минг 316 та оилага бир марталик моддий ёрдам автоматик тарзда тайинланди. Шунингдек, фармонда белгиланган тартибга мувофиқ, ушбу оилаларнинг 50 фоизи, яъни 22 минг 158 тасининг ҳолати “маҳалла еттилиги” томонидан хонадонбай ўрганилиб, эҳтиёжманд оилалардан тегишли аризалар қабул қилинди.

Бундан ташқари, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар реестрига киритилган 1 минг 967 нафар фуқарога, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган 878 та оилага ҳам бир миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилди.
Зеро, ижтимоий ҳимоянинг ҳақиқий самараси инсон ҳаётидаги ўзгаришлар, оила турмушидаги енгиллик ва эртанги кунга бўлган ишончнинг ортишида намоён бўлади. Айни шу жиҳатдан, эҳтиёжманд оилаларга ўз вақтида кўрсатилаётган моддий кўмак куз-қиш мавсумини қийинчиликсиз ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев,ЎзА