Зарбдор туманига янги ҳоким тайинланди
23 ноябрь куни Зарбдор туманида раҳбарлик лавозимига янги номзод тасдиқланди. Депутатлар Зарифжон Омонқулов номзодини бир овоздан маъқуллади. У бунга қадар Зомин тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Халқ депутатлари Зарбдор туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирок этди.

Сессияда туман ҳокими лавозимига Зарифжон Назарқулович Омонқулов номзоди тақдим қилинди. У шу вақтга қадар Зомин тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган. Шунингдек, туман иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимига раҳбарлик қилган.

Депутатлар уни Зарбдор тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан тасдиқлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА