Ўзбекистон делегацияси Параосиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринга кўтарилди
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида давом этаётган Параосиё ўйинларининг бугунги кунида пара спортчиларимиз медаллар шодасини тақдим этишда давом этмоқда.
Пара пауэрлифтинг аёллар ўртасида 61 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Муслима Нуриддинова мусобақа ғолибига айланди.
Пара сузиш баҳсларининг аёллар ўртасида “SB13” классида 100 метрга брасс усулида сузиш баҳсларида Ўзбекистон вакиллари муваффақиятли иштирок этди. Мубинабону Халилова 1:19.60 дақиқа натижа билан олтин медални қўлга киритган бўлса, Муслима Одилова 1:30.11 дақиқада маррага етиб келиб, бронза медалига сазовор бўлди.
Эркаклар ўртасида пара сузиш бўйича эркаклар ўртасида SM8 классида 200 метрга комплекс сузиш баҳсларида Азизбек Бўйназаров ғолибликни қўлга киритиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. “S12” классида 100 метрга орқага сузиш баҳсларида ҳамюртимиз Дмитрий Хорлин 1:05.77 дақиқа натижа билан учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалига сазовор бўлди.
Пара таэквондо баҳсларида аёллар ўртасидаги 57 килограммгача бўлган вазн тоифасида бронза медали учун кечган ўзбек дербисида Камолахон Расулова 2:1 ҳисобида Карима Мелиқўзиевадан устун келди.

Шунингдек, эркаклар ўртасидаги 63 килограммгача бўлган вазн тоифасида беллашган Зуҳриддин Тоҳиров ҳамда 70 килограммгача бўлган вазнда Жавоҳир Алиқулов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Мазкур медалларлан сўнг Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 15 та олтин, 17 та кумуш ва 16 та бронза медалга етди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА