Кредитга оид молиявий хатарлар тўғрисида аҳоли ва тадбиркорларнинг хабардорлиги оширилади
Сенат ялпи мажлисида “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда республикамизда суғурта хизматлари ва кредит-молия масалалари бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли, шу жумладан тадбиркорлар учун қўшимча енгилликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, аҳолининг, шу жумладан тадбиркорларнинг суғуртага оид саводхонлигини мустаҳкамлаш учун оммавий ахборот воситалари орқали кенг қамровли тарғибот ишларини йўлга қўйиш, кредит маҳсулотлари рекламасида ўз тўлов қобилиятини тўғри баҳолай олмаслик ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни юзага келтириши мумкинлиги тўғрисида истеъмолчилар учун огоҳлантириш берилишини таъминлаш зарурати ҳам юзага келмоқда.

Қонун билан суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборот ҳам ижтимоий ахборот таркибига кириши назарда тутилмоқда.
Соҳалардаги ваколатли органлар ҳам ижтимоий ахборотнинг реклама берувчилари жумласига киритилиб, молиявий хизматлар рекламасида мазкур хизматлардан фойдаланиш ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни юзага келтириши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш мавжуд бўлиши кераклигини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун аҳолида суғурта хизматларига бўлган ишонч даражасини оширишга ҳамда кредит билан боғлиқ молиявий хатарлар тўғрисида аҳолининг, шу жумладан, тадбиркорларнинг хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА