“Келажак учун хорижий тил” лойиҳаси ўз самарасини бермоқда
Бухоро вилоятида ўқувчиларнинг хорижий тилларни пухта эгаллаши, билим ва кўникмаларини ривожлантириши, халқаро таълим ва меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
“Келажак учун хорижий тил” лойиҳаси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Лойиҳа доирасида 2025/2026 ўқув йилида вилоятдаги барча умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари учун хорижий тиллар бўйича билим ва кўникмаларни баҳолаш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган машғулотлар ташкил этилди.
Эътиборлиси, лойиҳа ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Хусусан, 22 минг 257 нафар битирувчи инглиз, француз, немис ва корейс тиллари бўйича ташкил этилган машғулотларда иштирок этди. Уларнинг 8 минг 130 нафари ёки 36,5 фоизи хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи сертификатга эга бўлди. 4 минг 200 нафардан зиёд ўқувчи эса сертификатлаш жараёнида юқори натижаларни қайд этди.
Бу рақамлар ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга қизиқиши ортиб бораётгани, таълим муассасаларида бу борада олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини ошириш, уларни халқаро таълим стандартлари асосида билим олишга рағбатлантириш ва келгусидаги имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Шу боис, келгусида ҳам хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш, ўқувчиларнинг тил билиш кўникмаларини такомиллаштириш, уларни халқаро таълим дастурларида иштирок этишга ҳамда олий таълим муассасаларига киришга тайёрлашга устувор аҳамият қаратилади.
[gallery-32210]
Зеро, хорижий тилларни пухта эгаллаш ёшлар учун нафақат сифатли таълим олиш, балки халқаро майдонда ўз салоҳиятини намоён этиш, муносиб касб эгаллаш ва янги имкониятлардан фойдаланишда ҳам муҳим омилдир.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА