KPI тизими ходимларни рағбатлантиришнинг аниқ ва шаффоф тизимини белгилайди
Маълумки, турли соҳалардаги рақобат ривожланиб бораётган ҳозирги замонавий бозор иқтисодиётида инсон ресурсларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти ошиб бормоқда.
Бунинг учун аввало, ташкилот, идора, муассаса ва корхонада ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро тажрибаларга таянадиган бўлсак, ходимлар фаолияти КΡΙ “Key Performance Indicators” — самарадорлик кўрсаткичлари орқали баҳоланиб келинади.
Маълумотларга кўра, KPI ҳақидаги илк тушунчалар ХХ асрнинг 50 йилларида Питер Друкернинг “Мақсад сари бошқариш ғояси орқали шакллана бошлаган.
Унинг фикрича, натижадорликка эришиш учун раҳбарларни кундалик ишлар билан банд қилмасдан, белгиланган устувор вазифалар ҳамда асосий мақсад сари фаолият олиб боришлари учун самара кўрсаткичлари билан алоҳида шуғулланишларига имкон яратиш керак.

1980 йилларда Ғарбий Европа давлатларининг аксарияти давлат хизматчиларининг эришган юқори натижадорлиги учун уларни моддий рағбатлантиришдан кўра юқори лавозимларга тайинлаш усулларидан кўпроқ фойдаланган бўлса, бугунги кунга келиб KPI тизими ходимларни рағбатлантиришнинг аниқ ва шаффоф тизимини белгилаб бермоқда.
Бу борада юртимизда ҳам давлат бошқарувида инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, давлат органлари ва хизматчилар фаолияти самарадорлигини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда ҳам ушбу амалиёт 2020 йилдан бошлаб давлат фуқаролик хизматига жорий этила бошланди.
Тан олиш керак, илгари бизда давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг иш самарадорлигини белгиловчи аниқ мезонлар мавжуд йўқ эди. Улар фаолиятини баҳолашда муҳим механизмлар ҳам, давлат хизматчилари жавобгарлик доирасининг аниқ чегараларини белгиловчи кўрсаткичлар ҳам ишлаб чиқилмаганди.
Қолаверса, давлат хизматчиларини лавозим бўйича ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш масаласи адолатли баҳолаш тизимига асосланмагани кўплаб ноқулайликларга сабабчи бўлиб келди. Бу тизимли муаммоларнинг мавжудлиги давлат хизмати аппарати имкониятларини тўлиқ сафарбар этилмаслигига ҳамда давлат хизматчиларининг самарадорлиги талаб даражасида бўлмаслигига олиб келаётган эди.
Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, ривожланган давлатлар – АҚШ, Франция, Австрия, Япония, Корея сингари мамлакатларда самарадорликни баҳолаш тизимлари йўлга қўйилган. Масалан, Австрияда 2013 йилдан буён натижага йўналтирилган давлат бошқаруви тизими қўлланилиб келинади.
Мазкур тизимга кўра, ҳар йили федерал молиявий қонундаги вазифалар, босқичма-босқич бош бошқармалар, алоҳида таркибий тузилмалар, гуруҳлар ва ниҳоят, алоҳида давлат хизматчилари даражасига туширилади.
Мазкур тизимнинг ўзига хос жиҳати, ҳар бир давлат хизматчисининг стратегик мақсад ва вазифаларга эришишда қўшган ҳиссасини баҳолаш имкониятининг мавжудлиги ҳамда тизимнинг шаффофлигидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 5 февраль куни ўтказилган 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳам KPI тизими орқали баҳолаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, ижтимоий соҳа вазирлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоким ўринбосарлари билан бир йиллик шартномалар тузиш, уларга самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) белгилаш бўйича топшириқ берди. Айтиш жоизки, Ўзбекистонда ҳам KPI тизими орқали баҳолаш тизими кенг оммалашаётганидан далолат беради.
Бугунги кунда таълим соҳасида ҳам KPI тизими орқали баҳолаш мезони босқичма-босқич кириб келмоқда. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, яқинда Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ва бошқарув ходимлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш (KPI) платформасининг тақдимоти ўтказилди. Энди университет ходимларининг фаолияти KPI тизими орқали баҳоланмоқда.
Бугунга қадар университетнинг 210 нафар ўқитувчиси устама олишга муваффақ бўлишди.
Баҳолаш тизимини унификациялаштириш ҳамда ўқитувчилар фаолияти самарадорлигининг ягона ўлчовларини яратиш мақсадида “намунали”, “аъло”, “яхши”, “қониқарли”, “паст даражада”, “қониқарсиз” каби баҳо турлари белгиланди.
Баҳолаш натижаларига кўра, ўқитувчига қўшимча устама тайинлаш, малака даражасини навбатдан ташқари бериш, лавозим бўйича ўстириш каби рағбатлантириш чоралари ҳамда ҳайфсан, жарима, лавозим бўйича пасайтириш ёки озод қилиш каби интизомий жазо чораси қўлланилади.
Хулоса ўрнида айтганда, бу янги баҳолаш тизими бугунги янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлари босқичида сув ва ҳаводек зарур. Чунки давлат ривожида малакали ва профессионал кадрларнинг ўрни катта.
Дилрабо ШОДИЕВА,
Термиз давлат университети рус ва
қардош факультети ўқитувчиси.
ЎзА