Кўзи ожиз китобхонлар учун Брайль китоблари уйга етказилмоқда
Республикамизда кўзи ожиз китобхонларга янги имкониятлар яратилди. Энди Брайль ёзувидаги адабиётлар уларнинг уйларигача етказилмоқда.
Китоб – ҳаётимизни ёритувчи зиё. Бироқ, буни доим ҳам тўлақонли англаб етмаймиз. Шундай китобхонлар борки, уларнинг умри том маънода китоб ва унинг зиёси билан мунаввар. Улар борлиқ рангини кўз билан эмас, балки китоблар англатган ҳақиқатлар билан кўрадилар. Юртимизда китобхонлик сиёсати энг юқори нуқтага кўтарилгани кўзи ожиз китобхонлар учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Энди бундай матонатли китобхонлар учун Брайль алифбосидаги адабиётлар уйларига олиб борилмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси ўлароқ, Республика марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонаси томонидан Олмазор тумани Ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган кўчма кутубхонага китобхонлар сўраган адабиётлар етказиб берилди.
Унда китобхонларнинг талаб ва қизиқишларидан келиб чиқиб, Брайль ёзувида чоп этилган, бўртма нуқтали адабиётлар тақдим этилди. Таъкидлаш керакки, кўчма кутубхона китобларни китобхонларга янада яқинлаштириб, уларнинг мутолаа имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мазкур адабиётлар ҳар бир китобхон танловидан келиб чиқиб уйларига етказиб берилади.
Шербек Исломов,
ЎзА