Коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳудудий ўқув семинарлари якунланди
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакиллари учун коррупциянинг олдини олишга бағишланган ўқув семинарлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, «Transparency International Latvia» ҳамда Латвия Республикаси Марказий молия ва шартномалар агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда бошқарувни такомиллаштириш – коррупциянинг инклюзив тарзда олдини олиш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган семинарларни ўтказишда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари кўмаклашди.
Тадбирларда «Transparency International Latvia» вакили Артурс Биковс, «Transparency International Kyrgyzstan» вакили Айгул Акматжонова ҳамда Тошкент давлат юридик университети профессорлари Фозилжон Отахонов ва Хуршида Абзалова эксперт ҳамда тренер сифатида иштирок этди.
Ўқув дастури назарий маърузалар ва амалий машғулотларни қамраб олган тўртта сессиядан ташкил топди. Биринчи сессияда ННТларнинг коррупциянинг олдини олишдаги имкониятлари, жамоатчилик назорати ва экспертизаси, қарорлар лойиҳаларини муҳокама қилишдаги иштироки, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишдаги ўрни муҳокама қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ННТларнинг ҳуқуқий ва амалий имкониятларини ёритиб берди. Унинг таъкидлашича, ННТлар давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга кўмаклашиши, давлат хизматлари ва очиқ маълумотлар устидан жамоатчилик мониторингини олиб бориши ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиши мумкин.
Иккинчи сессия жамоатчилик мониторингини ташкил этиш ва очиқ манбалардаги маълумотлар асосида хулосалар чиқаришга бағишланди. Иштирокчилар давлат харидлари, шартномалар, грантлар, субсидиялар ва давлат хизматлари билан боғлиқ жараёнларда коррупциявий хавфларни аниқлаш, маълумотларни таққослаш ва текшириш усулларини ўрганди. Амалий машғулотларда рақобатни сунъий чеклаш, техник талабларни муайян иштирокчига мослаштириш, манфаатлар тўқнашуви, харидларни майда лотларга ажратиш ва шартнома шартларини асоссиз ўзгартириш каби ҳолатлар таҳлил қилинди.

Учинчи сессияда коррупцияга қарши халқаро стандартлар, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Истанбул ҳаракатлар режаси доирасидаги мониторинг жараёнларида ННТларнинг иштироки кўриб чиқилди. Халқаро тажриба асосида муқобил маърузалар тайёрлаш, миллий амалиётни халқаро стандартлар билан таққослаш ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.
Тўртинчи сессия норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда жамоатчиликнинг иштирокига бағишланди. Ф.Отахонов миллий қонунчилик ва ННТларнинг бу борадаги имкониятларини тушунтириб, ҳуқуқий нормалардаги ноаниқликлар, мансабдор шахсларнинг ҳаддан ташқари кенг ваколатлари, манфаатлар тўқнашуви ва маъмурий тартиб-таомиллардаги камчиликлар коррупциявий хавфларни келтириб чиқариши мумкинлигини қайд этди.
Амалий машғулотларда иштирокчилар муаммоларни аниқлаш, маълумотларни таҳлил қилиш, хулосаларни далиллар билан асослаш ва масъул ташкилотларга таклифлар киритиш бўйича машқлар бажарди. Жамоатчилик назорати орқали аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган ечимларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор берилди.
Семинарлар 14 ҳудуддаги ННТ вакилларига халқаро тажриба алмашиш, касбий салоҳиятини ошириш ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш имконини берди. Тадбирлар давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини илгари суришга хизмат қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА