Коррупцияга қарши курашиш натижалари сарҳисоб қилинди
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг 2026 йил биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган брифинг ўтказилди.
Унда Компаенс-назорат ва коррупцияга қарши курашиш хизмати комплаенс инспектори Муроджон Абдураимов амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар хусусида ахборот берди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг биринчи ярмида жамиятда коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувини барвақт аниқлаш, ички назорат тизимини такомиллаштириш, шунингдек, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, 5 минг 700 нафардан ортиқ ходим томонидан манфаатлар тўқнашуви бўйича декларациялар расмийлаштирилиб, улар таҳлил қилинди. Натижада 14 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Шунингдек, “Масофавий аудит” ахборот тизими орқали аниқланган ҳолатлар ўрганилиб, амалдаги қонунчилик талаблари асосида ташкилий чоралар кўрилди.
Маълум қилинишича, жорий йилда жамият бошқарув аппарати ва 8 та филиал фаолиятининг 17 та функцияси бўйича коррупциявий хавф-хатарлар баҳоланиб, натижалари “E-anticor.uz” платформасига жойлаштирилди. Аниқланган хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, унинг ижроси таъминланмоқда.
Шу билан бирга, давлат харидлари ва шартномалар мониторинги, ишга қабул қилиш жараёнларида очиқликни таъминлаш, контрагентларни текшириш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Ҳисобот даврида коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва киберхавфсизлик масалаларига бағишланган 23 та семинар ва давра суҳбати ташкил этилди. Уларда 845 нафар раҳбар ва ходим иштирок этди.
Брифинг якунида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоблар берилди. Тадбирда “Ўзбеккўмир” АЖда коррупцияга қарши курашиш, ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш ва шаффоф бошқарувни таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
А.Мусаев,ЎзА.