Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи
Андижон вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши самарали курашиш ҳамда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Бош бошқарма раҳбарлари, мутахассислари, туман, шаҳар иқтисодиёт ва молия бўлимлари ходимлари иштирок этган семинарда сўз олган вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Умаров коррупция – жамият тараққиётига тўсқинлик қиладиган, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларига путур етказадиган иллат эканлиги, шу боис мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Иштирокчиларга 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида белгиланган асосий нормалар, коррупцияга оид тушунчалар, унга қарши курашиш механизмлари, ваколатли органларнинг вазифалари ҳамда жавобгарлик масалалари ҳақида кенг тушунчалар берилди.
Шунингдек, бошқарманинг Комплаенс назорат ва махсус ишлар бўйича бош мутахассиси Ойбек Ғаипов сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари изчил такомиллашаётгани ҳақида батафсил маълумотлар берди. Бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилаётганлигини айтиб ўтди.

– Семинарда коррупциянинг келиб чиқиш омиллари, унинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари, жамият тараққиётига салбий таъсири хусусида ҳам фикр юритилди, – дейди бош бошқарма бошлиғининг ўринбосари Азизбек Халилов. – Шу ўринда таъкидлаш керакки, коррупцияга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки ҳар бир давлат хизматчиси ва фуқаронинг бурчидир. Қолаверса, бу борада кенг жамоатчиликнинг биргаликдаги саъйи-ҳаракати, фаоллиги коррупция иллатини бартараф этишда ижобий натижалар беради.
Семинар иштирокчилари томонидан коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири