Коррупцияга қарши кураш: жамоатчилик назорати ва очиқлик устувор
Термизда коррупцияга қарши курашда янги ёндашувлар муҳокама қилинди. Икки кунлик семинарда ҳудудий кенгаш аъзолари давлат органлари очиқлиги ва жамоатчилик назоратини кучайтириш механизмларини ўрганди.
Сурхондарё вилоятининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш аъзолари учун икки кунлик семинар-тренинг ўтказилди. Унда коррупциянинг олдини олиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи молиявий кўмагидаги «Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Семинар иштирокчилари ҳудудий кенгашларнинг ваколатлари, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик, коррупсиявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини атрофлича ўргандилар. Айниқса, давлат органларининг очиқлиги, журналистлар билан ишлаш, фуқаролар мурожаатларига муносабат ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича Сурхондарё вилояти ҳудудий кенгаши раиси Абдураим Чориев коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик иштирокининг аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, коррупцияга қарши курашиш фақат давлат органларининг вазифаси эмас. Фуқароларнинг фаоллиги, муаммоларни очиқ муҳокама қилиш ва жамоатчилик назорати бу борада ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шунингдек, ҳудудий кенгашлар аҳолидан келаётган мурожаатларни ўрганиш, коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва масъул ташкилотлар билан биргаликда уларни бартараф этишга масъулдир. Олий Мажлис Сенати аъзоси Дилбар Сувонова ҳам коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик назорати ва давлат органларининг очиқлиги муҳимлигини қайд этди. Унинг фикрича, аҳоли давлат органлари фаолияти ҳақида қанчалик кўп ва ишончли маълумотга эга бўлса, жамоатчилик назорати шунчалик самарали бўлади. Фуқароларнинг мурожаатлари ва таклифларига эътибор қаратиш, уларни қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб этиш коррупциявий хавфларни камайтиришга хизмат қилади.

Тренингнинг иккинчи куни оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик масалаларига бағишланди. Машғулотларда журналистлар кўтарган муаммоларни ўрганиш, хабарлардаги факт ва даъволарни фарқлаш, давлат органларининг ахборот сўровларига муносабати ҳамда очиқ маълумотлардан фойдаланиш бўйича амалий мисоллар таҳлил қилинди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, давлат харидлари, манфаатлар тўқнашуви ва давлат ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ эҳтимолий коррупциявий хавфларни муҳокама қилдилар.
Семинарда таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашиш фақат қонунбузарлик аниқлангандан кейин чора кўриш эмас, балки унинг олдини олиш учун давлат органлари ва жамоатчиликнинг биргаликда ҳаракат қилишини талаб этади. Икки кунлик тренинг иштирокчиларга ўзаро тажриба алмашиш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳудудий кенгашлар фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш имконини берди.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА