Аҳоли учун ажратилган газ ва кўмирни талон-тарож қилаётганларга жиноят ишлари қўзғатилмоқда
Ички ишлар вазирлигида аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз ва сифатли таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов бошқарган йиғилишда куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергетика ресурслари, жумладан, кўмир, табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш масаласига эътибор қаратилди.
Маҳсулотларнинг белгиланган манзилга ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини назорат қилиш, таъминот жараёнида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар, ўзлаштириш ва талон-торожликларнинг олдини олиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Куз-қиш мавсумида энергетика ресурсларига бўлган талабнинг ортиши уларни етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга етказиш жараёнларида қатъий назоратни талаб этади. Бу борада ҳар бир масъул идора ва ташкилотнинг вазифаси, ваколати ҳамда жавобгарлик доирасини аниқ белгилаш, мавжуд имкониятларни бир мақсад йўлида сафарбар этиш муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, суюлтирилган газ баллонларини аҳолига белгиланган график асосида етказиб бериш, ажратилган ресурсларнинг ҳисобини юритиш, ташиш ва тарқатиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш, истеъмолчилардан асоссиз тўловлар талаб қилиниши ёки маҳсулотнинг белгиланган меъёрдан кам етказиб берилиши каби ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишнинг муҳим йўналишларидан бири – энергетика ресурсларини тақсимлаш ва етказиб бериш тизимида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўлди.

Жумладан, ажратилган газ ва кўмир маҳсулотларининг ҳақиқий ҳажми билан ҳисоботларда кўрсатилган маълумотлар ўртасидаги тафовутлар, маҳсулотларнинг белгиланган истеъмолчиларга етказилмаслиги, сохта маълумотлар киритиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ноқонуний воситачилик ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган тезкор-профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Бу борада тегишли идоралар билан ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, келиб тушаётган мурожаатларни ҳар бир ҳолат кесимида ўрганиш, аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш, айниқса, тизимли тус олган камчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўтган бир ой давомида амалга оширилган ишлар натижасида аниқланган коррупциявий ҳолатларга эътибор қаратилди.

Жумладан, кўмир маҳсулотини ноқонуний сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жами 16 та ҳолат аниқланиб, жами 333 тонна 540 кг кўмир маҳсулотлари ноқонуний муомаладан мусодара қилиниб, аҳолига эҳтиёжлари учун етказилди.
Суюлтирилган газни ноқонуний сақлаш, ўтказиш билан боғлиқ жами 374 та ҳолат аниқланиб, ноқонуний муомаладан жами 9 минг 139 дона газ баллони ҳамда 92 тн 936 кг суюлтирилган газ мусодара қилиниб, аҳоли истеъмоли учун қайтариш чоралари кўрилди.
Масалан, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд вилоятида “Pastdargʻomtumangaz” газ таъминоти корхонаси ходимлари олдиндан жиноий тил бириктириб, аҳоли истеъмоли учун ажратилган углеводород гази тўлдирилган маиший газ баллонларини махсус транспорт воситалари ёрдамида талон-тарож қилаётганликлари аниқланиб, қиймати 32 миллион сўмлик жами 3 тонна 100 кг углеводород газ маҳсулотлари мусодара қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан “Pastdarg‘omtumangaz” газ таъминоти корхонаси ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда ҳолатнинг бошқа тафсилотлари аниқланмоқда.
Шу муносабат билан ички ишлар органларининг соҳавий хизматларига ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг мутасаддиларига вазифалар қўйилди.
Хусусан, ҳудудларда таъминот билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, энергетика маҳсулотларининг темир йўл орқали ташилишида юклар бутлиги ва манзилга етиб боришини назорат қилиш, уларни ташувчи транспорт воситалари ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш, газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базаларида қўриқлашни кучайтириш, моддий бойликларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик чораларини кўриш топширилди.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан ҳамкорликда суюлтирилган газ баллонларини аҳолига ўз вақтида етказиб бериш, маҳсулот ҳажми ва тақсимотининг ҳисобини юритиш, таъминотдаги узилишлар сабабларини аниқлаш ҳамда истеъмолчилар мурожаатларини ҳал этиш, Транспорт вазирлиги билан биргаликда энергетика маҳсулотларини ташиш логистикаси ва белгиланган йўналишларга риоя этилишини назорат қилиш вазифалари белгиланди.
Кўмир таъминотига масъул ташкилотлар билан эса маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш ва аҳолига етказиш жараёнларида ҳисобдорликни таъминлаш юзасидан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Вазир ўринбосарлари, соҳавий ва ҳудудий хизматларнинг раҳбарлари, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмалари мутасаддилари, шунингдек “LPG-Trade” МЧЖ масъуллари иштирок этган йиғилиш якунида масъул хизматлар ва ҳамкор ташкилотларга белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳудудлардаги ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА