Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги кўп асрлик илмий ва маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда
Ўмон Султонлиги пойтахти Масқат шаҳрида "Ўзбекистон – Ўмон: маданий алоқалар. Мовароуннаҳр – асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси" мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислом цивилизацияси меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш ташаббуси доирасида ўтказилмоқда.
Унда Ўзбекистоннинг тарихий, илмий, маънавий ва бадиий мероси билан таништирувчи 150 дан ортиқ китоб нашрлари, миниатюралар, ҳайкалтарошлик намуналари ва бошқа экспонатлар намойиш этилди. Марказнинг ноширлик лойиҳалари ҳамда Мовароуннаҳр меросини ўрганиш ва оммалаштириш борасидаги фаолияти меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов ҳамда Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмий қутлов сўзлари билан иштирок этдилар. Дастур доирасида қатнашчиларга Марказнинг илмий-маърифий фаолияти ва лойиҳалари ҳақида видеотақдимот намойиш қилинди.
Илмий сессияда ўмонлик ва ўзбекистонлик олимлар икки мамлакатнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистон ва Ўмон қўлёзма меросини сақлаш, рақамлаштириш ҳамда илмий муомалага киритиш истиқболлари ҳақида сўз юритди.
Симпозиумнинг муҳим амалий натижаларидан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази ҳамда “Байт аз-Зубайр” музейи билан ҳамкорлик меморандумларининг имзоланиши бўлди. Ушбу келишувлар икки мамлакат муассасалари ўртасида қўшма илмий ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш, кўргазмалар ташкил этиш ҳамда касбий тажриба алмашиш учун асос яратади.

Тадбирда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўзбекистонда ислом таълими тарихи ва унинг замонавий тажрибасини ёритиб берди.
Симпозиум доирасида китоблар ва эсдалик нашрлари алмашинуви ҳам бўлиб ўтди. Ўмон Султонлиги вақфлар ва диний ишлар вазири доктор Муҳаммад бин Саид бин Халфон Маамарийга Катта Лангар Қуръони нусхасининг факсимиле нашри топширилди. Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмийга “Учинчи Ренессанс пойдевори” китоби, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган 120 та китоб учун сертификат ҳамда Марказнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.
Марказ нашрлари, шунингдек, Султон Қобус мажмуаси кутубхонаси ҳамда Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар марказига топширилди. Миллий ҳужжатлар ва архивлар маркази ҳамда “Байт аз-Зубайр” музейи вакилларига ҳам китоб нашрлари топширилганини тасдиқловчи сертификатлар тақдим қилинди.
Масқат шаҳрида ўтказилган симпозиум Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги кўп асрлик маданий мулоқотнинг давоми бўлди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА