Билим ва маҳоратлари синовдан ўтишди
Бугун давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги, жамоатчилик билан самарали мулоқот ва тезкор ахборот алмашинувида ахборот хизматлари муҳим ўрин тутади. Бу эса соҳа раҳбарларидан юксак касбий билим, мустаҳкам масъулият ва замонавий медиа кўникмаларини талаб этади. Гулистон шаҳридаги Вилоят ёшлар марказида ҳудудий ҳокимликлар ва бошқармалар ахборот хизматлари раҳбарларининг айнан шу борадаги салоҳияти аттестация жараёнида баҳоланди.
Синовларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларидан жами 37 нафар талабгор иштирок этди. Натижаларга кўра, Жиззах вилоятидан қатнашган 21 нафар номзоднинг 13 нафари аттестациядан муваффақиятли ўтди, 8 нафари белгиланган талабларга жавоб бера олмади. Сирдарё вилоятидан эса 16 нафар талабгорнинг 11 нафари етарли балл тўплаб, синовдан муваффақиятли ўтди, 5 нафари талаб этилган натижани кўрсата олмади.

Аттестация жараёнлари Контент маркази директорининг 2026 йил 13 январдаги буйруғи билан тасдиқланган, Адлия вазирлигида 3760-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Низом асосида ташкил этилди.

Бугун ахборот хизмати раҳбари фақат хабар тарқатувчи эмас. У давлат идораси ва жамоатчилик ўртасидаги муҳим ахборот кўприги, расмий позицияни холис ва тушунарли етказувчи, долзарб саволларга ўз вақтида муносабат билдирувчи масъул мутахассисдир. Шу боис унинг фаолиятида тезкорлик билан бирга аниқлик, холислик, касбий маҳорат ва мулоқот маданияти ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур аттестациянинг асосий мақсади ҳам ахборот хизмати раҳбарларининг касбий билим ва амалий кўникмаларини холис баҳолаш, салоҳиятини янада ошириш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни мустаҳкамлашдан иборат. Зеро, жамоатчилик ишончи, аввало, ишончли ахборот ва самарали мулоқот орқали шаклланади.

Синов якунига кўра, белгиланган талабларга мувофиқ натижа кўрсатган талабгорларга гувоҳномалар топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири