Корея Республикаси билан транспорт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Корея Республикасининг Каннин шаҳрида бўлиб ўтаётган Интеллектуал транспорт тизимлари бўйича Бутунжаҳон конгресси доирасида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдуғаффоров Корея Республикаси инфратузилма ва транспорт вазири ўринбосари Чон Ий Кён билан учрашди.
Учрашувда интеллектуал транспорт тизимларини ривожлантириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўрта коридор салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида замонавий автомобиль йўлларини бошқариш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, транспорт оқимларини реал вақт режимида кузатиш ва таҳлил қилиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратилди.
Шунингдек, интеллектуал светофорлар ва сунъий интеллектга асосланган транспорт бошқаруви ечимларини жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Бундай технологиялар транспорт оқимларини самарали бошқариш, тирбандликларни камайтириш ва йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ошириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Музокаралар давомида халқаро темир йўл ҳамкорлиги масалалари ҳам муҳокама қилинди. Корея томони Халқаро темир йўллар ҳамкорлиги ташкилоти фаолиятида иштирок этиши ва ташкилотга аъзо бўлиши масаласида Ўзбекистон томонидан кўрсатилган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
Бундан ташқари, Корея томони Ўрта коридорни биргаликда ривожлантириш, унинг транзит салоҳиятини ошириш, транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда мазкур йўналишдаги истиқболли инфратузилма лойиҳаларини ҳамкорликда амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Шербек Исломов,
ЎзА