Kazinform: Тошкентда транспорт йўлагини ривожлантириш муҳокама қилинди
Тошкент шаҳрида Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон темир йўл маъмуриятлари вакиллари учрашуви бўлиб ўтди. Анжуманда CASCA+ мултимодаль халқаро транспорт йўлагини янада кенгайтириш ва умумий транспорт-логистика тизимини мустаҳкамлаш масаласи диққат марказида бўлди.
Музокара давомида томонлар контейнер ташуви кўламини кенгайтириш, мувофиқлаштирилган тариф сиёсати юритиш ҳамда ҳаракатланувчи таркиб билан таъминлаш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.
“CASCA+” йўлаги Осиё-Тинч океани минтақаси, Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаб, Европа бозорига йўл очади. Мунозара якунида иштирокчи мамлакатлар Осиё ва Европани боғловчи мазкур халқаро йўлак самарадорлигини ошириш ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқладилар. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) бўйича юк ташиш миқдори жорий йил дастлабки саккиз ойида 22 фоиз, Шарқ – Ғарб транзит ташуви эса 55 фоиз ортган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА