Кўплаб қулайликларга эга замонавий туризм маскани бунёд этилмоқда
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ҳудуднинг туризм салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ва меҳмонлар учун қулай дам олиш имкониятларини яратиш мақсадида янги туристик маскан барпо этилмоқда.
Янги ҳаёт маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Сирдарё дарёсининг чап қирғоғида жойлашган, узоқ йиллар давомида бўш ва қаровсиз ҳолатда ётган 55 гектарлик ер майдонида бугунги кунда кенг кўламли қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Лойиҳа жорий йилнинг 9 апрелида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилмоқда.

– Бунинг учун салоҳиятли инвесторлар жалб этилди. Жумладан, Ўрикзор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи дарё қирғоғидаги қарийб 3 гектарлик майдонда ҳам табиий гўзаллик бағрида дам олиш маскани ташкил этилади. Бу ерда ҳайвонат дунёси, дарё манзаралари ва табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш имконини берадиган 10 та ойнаванд капсула қурилиши кўзда тутилган, – дейди туман ҳокими Комилжон Муллажанов.

Қарийб 4 миллион долларлик инвестиция қийматига эга мазкур лойиҳа афғонистонлик инвестор — “Фазилат Гроп” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилмоқда.

Мазкур ҳудуддаги 5 та эски бино ўрнида замонавий меҳмонхона, ресторан ва сервис хизматлари объектлари барпо этилади. Бу маҳаллий ва хорижий сайёҳларга юқори даражадаги хизмат кўрсатиш, туманда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида жорий йил якунига қадар хонаки ҳайвонлар боғи, болалар ва оилалар учун маънавий-маърифий ҳамда кўнгилочар масканлар, дарё бўйида замонавий сўрилар, яшил ҳудудлар ва ўрмонзорлар ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, спорт-соғломлаштириш майдонлари, аёллар ва эркаклар учун алоҳида бассейнлар, сауна, авто музей ҳамда барча қулайликларга эга очиқ пляж қурилиши ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, соғломлаштириш туризмига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Ўрикзор маҳалласига яқин, Работ маҳалласи ҳудудида табиий равишда ер ости қатламларидан қайнаб чиқиб турадиган минерал сув манбаи асосида тиббий соғломлаштириш маркази ташкил этилиши режалаштирилган. Бу марказ қон босими, гипертония, диабет ва ҳазм қилиш тизими каби хасталиклардан азият чекаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун 24 соат давомида хизмат кўрсатади.
Ушбу марказ фаолияти орқали нафақат самарали профилактика ва даволаш хизматлари ташкил этилади, балки 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, ҳудуд аҳолисининг бандлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири