Бухоро турли маданиятлар учрашадиган ижодий макон сифатида намоён бўлмоқда
Иккинчи Бухоро биенналесининг бош мавзуси “Асрлар оша меҳмондўстлик” деб эълон қилинди. 2027 йил 3 сентябрдан 21 ноябрга қадар давом этадиган халқаро санъат анжумани қадимий шаҳарнинг бой маданий мероси, ҳунармандчилик анъаналари ва очиқ мулоқот муҳитини замонавий санъат орқали намоён этади.
Бухоро азалдан турли халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар туташган, илм-фан, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик ривожланган ноёб маскан сифатида дунёга танилган. Бу шаҳарнинг бугунги қиёфаси ҳам фақат маҳаллий анъаналар маҳсули эмас. Асрлар давомида Буюк ипак йўли орқали бу ерга келиб, шу заминни ўзининг иккинчи ватанига айлантирган савдогарлар, алломалар, меъморлар ва ҳунармандлар унинг маданий қиёфасига ўз ҳиссасини қўшган. Уларнинг излари бугун ҳам Бухоро меъморчилиги, халқ амалий санъати, турмуш тарзи ва урф-одатларида яшаб келмоқда. Ана шу тарихий ҳақиқат иккинчи Бухоро биенналесининг ғоявий асосини ташкил этади. “Асрлар оша меҳмондўстлик” мавзуси шунчаки тарихий хотирага мурожаат эмас, балки Бухоронинг ўтмиш ва бугун, миллийлик ва умуминсонийлик, анъана ва замонавийлик ўртасидаги боғловчи кўприк сифатидаги ўрнини яна бир бор намоён этишга қаратилган.
Бу жараёнда санъат фақат тайёр асарларни намойиш этиш воситаси бўлиб қолмайди. “WHY Architecture” бюроси асосчиси Кулапат Янтрасастнинг бадиий раҳбарлигида Ўзбекистон ва хориждан ташриф буюрадиган ижодкорлар маҳаллий уста-ҳунармандлар ҳамда жамоалар билан бевосита ҳамкорликда янги санъат асарларини яратади. Энг муҳими, сараланган лойиҳалар биеннале доирасидаги вақтинчалик экспозиция бўлиб қолмасдан, Бухоро шаҳар муҳитининг доимий қисмига айланади. Демак, анжуман якунланганидан кейин ҳам унинг ижодий мероси шаҳар ҳаётида яшашда давом этади.
Иккинчи биенналенинг дастлабки эълон қилинган иштирокчилари сафидан Аниш Капур, Ку Жон А, Севара Ҳайдарова Донаццан, Сюзен Филлипс, Нигина Мирзажонова, Прешес Окойомон, Уго Рондиноне, Вивиан Сутер, Жозеф Арзуманов, Оскар Туазон, Максим Варданян, Дайма Рахманбекова, Ҳума Бҳабҳа ва Бетан Лаура Вуд каби халқаро санъат намояндалари ўрин олган. Бошқа иштирокчиларнинг номлари 2027 йилда эълон қилиниши режалаштирилган.

Бугун мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий меросни халқаро миқёсда тарғиб этиш, ҳудудларнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган маданий дипломатияни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан ижодий мулоқотини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар Бухоро биенналеси каби йирик халқаро лойиҳаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Зеро, бундай тадбирларнинг аҳамияти фақат хорижий меҳмонлар сони ёки намойиш этиладиган асарлар кўлами билан ўлчанмайди. Улар орқали миллий ҳунармандчилик мактаблари халқаро ижодий жараёнга жалб этилади, маҳаллий усталарнинг тажрибаси дунёга танитилади, шаҳарнинг маданий инфратузилмаси бойийди. Энг муҳими, Бухоро халқаро санъат майдонида фақат тарихий обидалари билан эмас, балки бугун ҳам янги ғоялар туғиладиган, турли маданиятлар учрашадиган ижодий макон сифатида намоён бўлади.
Бухоро биенналеси Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан, Гаяне Умерова ташаббуси ва ғояси асосида ташкил этилмоқда.
Шубҳасиз, 2027 йилдаги иккинчи биеннале Бухоронинг асрлар давомида шаклланган меҳмондўстлик фалсафасини замонавий санъат тилида дунёга етказиш, тарихий меросни янги ижодий ечимлар билан бойитиш ва шаҳарнинг халқаро маданий нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, Бухорода меҳмонни кутиб олиш оддий одат эмас, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳаёт фалсафаси, бағрикенглик ва инсон қадрига бўлган юксак эҳтиром ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири