Контрафакт дори воситалари фош этилди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор вакиллари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида контрафакт дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний сақланиши ҳамда савдосига оид ҳолат фош этилди.
Хусусан, Пешку туманида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида назорат остига олинган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Кўздан кечириш жараёнида ҳеч қандай тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган, сифати тасдиқланмаган ва келиб чиқиши номаълум бўлган умумий қиймати 751 миллион сўмлик 50 турдаги жами 57 минг 115 дона дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар яширин равишда сақланаётгани аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур маҳсулотлар кейинчалик ноқонуний тарзда сотувга чиқариш мақсадида хонадонда “яширин омбор” сифатида сақлаб келинган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, контрафакт ва сифати кафолатланмаган дори воситаларининг тарқалиши аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солади. Чунки бундай маҳсулотларнинг таркиби, сақлаш шароити ва ишлаб чиқариш манбалари номаълум бўлиб, улар инсон организмида оғир асоратлар келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, дори воситаларини фақат лицензияга эга дорихоналар орқали харид қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ, сифати кафолатланмаган ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки реализация қилиш, шунингдек, уларни дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқари жойларда сотиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири