Конституция устуворлиги ва одил судловни таъминлашга қаратилган қонунлар такомиллаштирилмоқда
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
“Фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан ҳимоя қилиниши такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қатор тузатишлар киритилмоқда.
Жумладан, муайян ишда қўлланилган қонун Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас, деб топилган тақдирда, ушбу суд ҳужжатини қайта кўриб чиқишнинг аниқ ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.
Судлар ташаббуси билан Конституциявий судга мурожаат юборилганда иш юритишни тўхтатиб туриш тартиби мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, “Интеллектуал мулк объектларининг фуқаролик муомаласидаги айланмаси оширилиши ва патент вакилларининг ҳуқуқлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Қонунда интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш, ихтиролар, селекция ютуқлари ва товар белгиларининг гарови тўғрисидаги шартномаларни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиш, суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларда патент вакилларининг судларда иштирок этиши, шунингдек, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши ёки қийматининг камайиши билан боғлиқ нормалар назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлаганидек, ушбу қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда Конституция устуворлиги ва одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА