Китобхонликка эътибор кучайтирилади
Сирдарё вилоятида китобхонликни ривожлантириш, аҳолини мутолаага кенг жалб этиш ва кутубхоналарни замонавий ахборот масканларига айлантириш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтган йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди. Унда вилоятдаги кутубхоналарнинг моддий-техник базаси, китоб фонди, рақамлаштириш жараёни ҳамда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик муҳитини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳозирги кунда Сирдарё вилояти кутубхоналарида 54 мингдан ортиқ китоб мавжуд бўлиб, уларнинг деярли барчаси рақамли шаклга ўтказилган. Шу билан бирга, айрим туман ва шаҳарларда — хусусан, Янгиер, Ширин, Боёвут ва Мирзаободдаги кутубхоналарда шароитни яхшилаш, биноларни таъмирлаш, залларни китоб ифорига тўлдириш зарурати мавжудлиги таъкидланди. Шу муносабат билан ушбу ҳудудлардаги кутубхоналарни замонавий ахборот ва маданият марказларига айлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда Эркинжон Турдимов Президент Шавкат Мирзиёевнинг маънавият ва китобхонликни ривожлантиришга оид фикрларига таяна туриб, “Китоб — инсон тафаккурини уйғотадиган, миллат маънавий қиёфасини белгилайдиган буюк куч” деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу масала фақат йиғилиш мавзуси эмас, балки ҳар бир маҳалла ва хонадон учун маънавий чақириқдир.

– Китоб инсон қалбининг озуқаси, дилига нур бўладиган хазина. Бугун ҳар бир маҳалла, ҳар бир таълим муассасаси, ҳар бир идорада китобга эътибор қаратилиши, маърифат ҳавоси уфуриб туриши керак. Агар бу ишни ташкил этмаган раҳбар маънавиятсиз раҳбар ҳисобланади. Китобхонликни ривожлантириш фақат маданият бўлими ёки китобхоначиларнинг иши эмас — бу барчамизнинг умумий вазифамиз. Ҳар бир раҳбар, устоз ва ота-она китобхонликни кенг тарғиб этишга масъул бўлиши лозим. Чунки китоб ўқийдиган халқ — фикрлайдиган халқ, фикрлайдиган халқ эса тараққиётга интиладиган халқ. Шунинг учун вилоятдаги ҳар бир маҳаллада китобхонлик муҳитини яратишимиз, ёшларни китоб дўстларига айлантиришимиз зарур, – деди Эркинжон Турдимов.
Вилоят раҳбари ташаббуси билан Сирдарёда “Китобхонлар ойлиги” ҳамда “Бир маҳалла — бир китоб” акцияларини ўтказиш режалаштирилган. Ушбу тадбирлар доирасида ёшлар билан маърифий кечалар, ижодкорлар ва китобхонлар билан учрашувлар ташкил этилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири