Пойтахтимизда III Ўзбекистон – Россия медиафоруми ўтказилади
Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлайдиган III Ўзбекистон – Россия медиафорумида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, анъанавий қадриятларни тарғиб этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳамда замонавий медиа маконидаги долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур йиғинда давлат ҳокимияти органлари, етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этади.
Икки кун давом этадиган конференцияда рақамли трансформация шароитида Ўзбекистон ва Россия медиа ташкилотлари олдида турган асосий вазифалар, ахборот соҳасидаги янги имкониятлар ва ҳамкорлик истиқболлари атрофлича кўриб чиқилади.
Бугун бўлиб ўтадиган ялпи мажлис Ўзбекистон ва Россиянинг медиа, коммуникация ва ахборот соҳаларидаги стратегик шериклигига бағишланади.
Форум доирасида тўртта ишчи сессия ўтказилиши режалаштирилган.
Биринчи сессияда туризм, спорт ва гуманитар алмашинувларни ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳокама қилинади.
Иккинчи сессия икки мамлакат ахборот маконини жадал рақамли трансформация шароитида ривожлантириш истиқболларига бағишланади. Унда контент яратиш ва тарқатишнинг замонавий технологиялари, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари хусусида фикр алмашилади.
Учинчи сессияда Ўзбекистон ва Россияда ахборот истеъмоли маданиятининг ўзгариши, анъанавий оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳамда рақамли платформаларнинг жадал ривожланиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади.
Тўртинчи якуний сессияда эса анъанавий қадриятларни асраб-авайлашда оммавий ахборот воситалари ва медиа платформаларнинг аҳамияти, шунингдек, аудитория билан ишлашнинг янги технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, ҳужжатли ва бадиий фильмларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш, турли мавзуларга бағишланган қўшма махсус медиа лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Медиафорум доирасида кибермаконда ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва болаларни ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган семинар ҳам ташкил этилади. Шунингдек, интернетда тарқалаётган ёлғон ахборотлар ва генератив сунъий интеллект ёрдамида яратилган контентнинг ҳаққонийлигини текшириш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.
Форум доирасида қатор икки томонлама музокаралар ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон – Россия медиафоруми учинчи бор ташкил этилмоқда. Илк форум 2018 йил октябрь ойида бўлиб ўтган бўлса, 2021 йил ноябрь ойидаги анжуман онлайн форматда ўтказилган.
ЎзА