Ота-она қўлидаги рақамли соя ёхуд сурати, овози ва ҳимоясиз лаҳзалари интернетга муҳрланаётган болалар
Эрталаб боғчага олиб борилаётган бола, ваннада чўмилаётган чақалоқ, дарс жавобида қийналиб турган ўқувчи, йиғлаб турган гўдак – булар барчаси бугунги кунда бир зумда минглаб бегона кўзлар кўрадиган тасвирларга айланмоқда.
Ота-оналар, бувилар ёки амакилар, хуллас, яқинларнинг энг яхши ниятлар билан босган биргина “жойлаш” тугмаси боланинг розилигисиз унинг келажагига таъсир этувчи “рақамли из”ни қолдирмоқда. Хорижда бу ҳодиса аллақачон “sharenting” (share – улашмоқ, parenting – ота-оналик) деб номланиб, мутахассислар томонидан жиддий ижтимоий муаммо сифатида ўрганилмоқда.
Хўш, бу жараён қандай намоён бўлмоқда? Афсуски, биз буни муаммо эмас, оддий ҳол деб қабул қила бошлаганимизга анча бўлди. Кундалик ҳаётдан минглаб мисоллар келтириш мумкин: боланинг шифохонадаги ҳолати, жазоланаётгандаги йиғиси, ваннадаги ёки кийинаётган пайтдаги суратлари, мактабдаги омадсизлиги ёхуд оилавий можаролар ичидаги акси... Буларнинг барчаси яқинлари томонидан шунчаки “кунлик воқеа” сифатида ижтимоий тармоқларга юкланмоқда. Кўпчилик бу тасвирлар боланинг улғайишига, шахс сифатида шаклланишига ва келажак ҳаётига қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Энг ачинарлиси, бола бу жараёнда ҳеч қандай овозга эга эмас. У ҳали гапира олмагани ёки вазиятни тушунмагани учун розилик беришга қодир эмас. Аммо унинг сурати, овози, ҳатто энг заиф ва ҳимоясиз лаҳзалари интернет хотирасида абадий муҳрланиб қолмоқда.
Рақамли из, бу – умрбод йўқолмайдиган “тарих”. Интернетга бир марта жойлаштирилган ҳар қандай маълумот ёки сурат ҳамда видеолар техник жиҳатдан ҳеч қачон тўлиқ ўчирилмайди. У бошқалар томонидан кўчирилган, сақланган, экран расмига олинган ёки бошқа платформаларга улашилган бўлиши мумкин. Демак, бугун гўдаклик суратлари ижтимоий тармоққа жойлаштирилган бола, ўн беш-йигирма йилдан кейин иш қидираётганда, олий ўқув юртига ҳужжат топшираётганда ёки шахсий муносабатлар қураётганда ўзининг розилигисиз яратилган ушбу “рақамли тарих” билан юзма-юз келиши мумкин. Бундан ташқари, замонавий технологиялар, юз таниш тизимлари, маълумот йиғувчи алгоритмлар бола суратини таҳлил қилиб, унинг жойлашуви, кундалик тартиби ва хатти-ҳаракатлари ҳақида ахборот тўплаши мумкин. Бу эса болани потенциал хавф остига қўювчи омилга айланади.
Шу ўринда эътибор қилайлик-чи, бунда психологик ва руҳий хавф омиллари мавжудми? Мутахассислар бу борада бир қатор жиддий хавфларни таъкидлашади. Аввало ўзлигини англашга тўсқинлик, яъни бола ўзи ҳақидаги маълумотни назорат қила олмаганда, унда шахсий чегара ва хусусийлик туйғуси шаклланиши қийинлашади.
Уят ва изтироб ҳисси уйғонгач, вояга етганда, ўзининг ноқулай ёки заиф лаҳзалари минглаб одамлар кўз ўнгида бўлганини билиш боланинг ўзига нисбатан ишончини сусайтиради.
Ота-она билан ишончли муносабатнинг издан чиқишига сабаб бўлиши мумкин, бола ўсиб, ота-онаси унинг шахсий ҳаётини сўрамасдан ошкор қилганини англаганида, бу оилавий ишончга путур етказади.
Кибербуллинг ва масхара объектига айланиш хавфи бугун аллақачон болалар ҳаётига кириб улгурган ва ноқулайлик туғдираётган ҳолат, яъни тенгдошлар томонидан интернетга чиққан эски суратлар орқали масхара қилиниш ҳоллари тобора кўпаймоқда.
Шахсий хавфсизликка таҳдид ҳам мавжуд. Бунда бола жойлашган макон, мактаб, кундалик тартиб ҳақидаги маълумотлар ёмон ниятли шахслар қўлига тушиши мумкин.
Хўш айни ҳолатлар ҳақида қонунчилик нима дейди? Бу масала фақат ахлоқий эмас, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон қонунчилигида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор ҳужжатлар мавжуд. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ушбу қонунда болани ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини сақлаш каби асосий кафолатлар мустаҳкамланган.
“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун (2019 йил 2 июль) доирасида эса шахсга оид ҳар қандай маълумот, жумладан, фотосурат ва видеотасвир ҳам ҳимояланадиган маълумот сифатида қаралади. Шахсга доир маълумотлар субъектнинг ўзига тааллуқли, уни идентификация қилиш имконини берувчи ҳар қандай ахборотни ўз ичига олади. Айни пайтда қонунда шахснинг ўз шахсий ва маиший эҳтиёжлари учун маълумотга ишлов бериши алоҳида ҳолат сифатида кўрсатилган, бироқ бу истиснонинг ижтимоий тармоқда оммавий тарзда улашишга нечоғли татбиқ этилиши мунозарали масала бўлиб қолмоқда.
Яна бир муҳим янгилик шундаки, Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган янги қонун лойиҳасида шахсларни уларнинг розилигисиз фото ва видеога олиш тақиқланиши кўзда тутилмоқда. Бунда чекловнинг асосий сабаби сифатида шахс тасвиридан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда шахсий дахлсизлик ҳуқуқининг таъминланмаганлиги кўрсатилган. Муҳими, ушбу лойиҳада болалар ҳам тасвир ҳуқуқининг мустақил субъекти сифатида эътироф этилмоқда ва тасвирга олиш ҳамда ундан рухсатсиз фойдаланиш мумкин бўлган ҳоллар доираси аниқ белгиланмоқда.
“Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар ҳақидаги, шу жумладан, уларнинг фото ва видеотасвирларини ўз ичига олган маълумотларнинг тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти жумласига киритилган.
Умуман олганда, мамлакатимизда болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Уларга кўра, ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга ва шахсга доир маълумотларни тарқатиш субъектнинг розилиги билан амалга оширилиши лозим.
Шу ўринда яна бир савол туғилади: агар бола ҳали ўз розилигини бера олмайдиган ёшда бўлса, унинг номидан ким қарор чиқариши керак ва бу қарор чиндан ҳам “боланинг энг яхши манфаати”га мос келадими? Мутахассислар ва ҳуқуқшунослар фикрича, айнан ана шу савол атрофида қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Дарҳақиқат, масъулият севгидан устун бўлмаслиги керак, лекин уни тўлдириши шарт. Ота-она ёки яқин қариндошнинг фарзанди суратини улашишдаги истаги унинг севгиси ва фахрланишининг табиий ифодасидир. Аммо чинакам меҳр фақат ҳозирги лаҳзанинг гўзаллигини кўрсатиш эмас, балки боланинг эртанги куни, қадр-қиммати ва хавфсизлигини ҳам ўйлашдир. Ҳар бир расмни жойлаштиришдан олдин ўзимизга савол беришимиз керак: “Агар бу бола ўн йилдан сўнг ушбу суратни кўрса, у нимани ҳис қилади? Бу унинг розилиги биланми, ёки фақат бизнинг хоҳишимиз биланми?”
Давлат даражасида қонунчиликни такомиллаштириш, жамиятда эса рақамли саводхонлик ва ота-оналик масъулиятини ошириш орқалигина болаларимизнинг рақамли дунёдаги ҳуқуқлари чинакам ҳимояланган бўлади. Чунки бугун биз яратаётган “хотира” эртага бошқа бировнинг умрига айланади.
Маҳфуза ЙЎЛДОШЕВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.
ЎзА