Китоб улашиб, хонадонларга кўмак кўрсатилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибат ва саховат туйғуларини ҳаётда қарор топтиришга қаратилган “Эзгулик карвони” хайрия акцияси ўтказилди.
Акция доирасида Оқолтин туманидаги 3-сонли ҳамда Сардоба туманидаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналарига 500 нусха бадиий, маърифий ва хорижий адабиётлар тақдим этилди. Бу китоблар ўқувчиларнинг мутолаага қизиқишини ошириш, маънавий дунёқарашини бойитиш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

— Китоб — инсон маънавиятини бойитадиган, уни изланишга ва мустақил фикрлашга ундайдиган муҳим манба. Шу боис мактаб кутубхоналарини янги адабиётлар билан бойитишни эзгу ва келажакка қаратилган ташаббус, деб биламиз. Айниқса, мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилаётган бундай ишлар инсон қадрини улуғлаш ғоясига ҳамоҳанг, — дейди Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилояти бошқармасининг Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жамшид Абдуллаев.

“Эзгулик карвони” доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож 10 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиб, оилалар ҳолидан хабар олинди. Байрам арафасида кўрсатилган бу кўмак улар учун айни муддао бўлиб, хонадонларга қувонч ва кўтаринки кайфият бағишлади.
Бир сўз билан айтганда, эзгулик катта ишлардагина эмас, инсон эҳтиёжини ҳис этиб, унга ўз вақтида мадад қўлини чўзишда ҳам намоён бўлади. Бир томонда ёшлар қўлига китоб тутқазилиб, уларнинг маънавий олами бойитилса, иккинчи томонда эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатилиб, меҳр ва эътибор улашилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири