Китоб, мутолаа, кутубхона жозибадорлигини кўрсатувчи ҳафталик
Яхши китоб инсонни жаҳолат, билимсизлик, дидсизлик, савиясизликдан асрайди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 72-мақсадида аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш белгиланган.
Ҳозирда ҳудудларда аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни такомиллаштириш, унинг инновацион шакл ва турларини жорий қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш орқали автоматлаштирилган кутубхона тизимини яратиш муҳимдир.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “INFOLIB O‘ZBEKISTON-2024” ХIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ҳам ана шундай эзгу мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятли бўлди.

Ҳафталик бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларида ташкил этилди.
Ушбу лойиҳанинг мақсади ахборот-кутубхона соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига ахборотлар олишнинг манбаи, шакл ва методларини етказиш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига хизмат кўрсатиш, китобхонликни тарғиб қилишдан иборат эди. Ёшлар интеллектуал билими ва савиясини оширишга оид тадбирлар орқали уларнинг кутубхоналарга қизиқишини ошириш, кутубхоначиларни соҳада жорий қилинган замонавий, илмий-методик ишланмалар билан таништириш эътибор марказида бўлди.
Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда соҳа мутахассислари ва китобхонлар учун бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар, семинарлар, давра суҳбатлари, танловлар, тренинглар, маҳорат дарслари ўтказилди. Шу билан бирга, викториналар, таниқли фан ва маданият намояндалари, санъаткор ва ижодкорлар иштирокида ижодий учрашувлар, театрлаштирилган чиқишлар намойиши бўлиб ўтди.
Ҳафталик доирасида ёш авлодни китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Янги Ўзбекистон кутубхоначилари – янги куч, янги имкониятлар, янги марралар” шиори остида Ёш кутубхоначилар тўртинчи форуми ўтказилди.

Aввалги форум иштирокчиларининг қизиқиш ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда бу йилги тадбир доирасида қўшни мамлакатлар кутубхоналарининг ижобий тажрибасини ўрганишга бағишланган суҳбатлар, ёш кутубхоначи мутахассислар иштирокида касбий ривожланишга доир мулоқот, кутубхоначилик соҳасида ахборот технологиялари янгиликлари, “Ижодкор кутубхоначи” рукнида расм чизиш бўйича танловлар, кутубхона менежменти, "Инвестиция олиш қоидалари" , "Сунъий интеллект фойдалими ёки зарарли?" мавзуларида семинар-тренинглар, психологик маслаҳатлар, интеллектуал салоҳиятни оширишга оид кўплаб тадбирлар ташкил этилди.
Бу каби маърифий тадбирлар мамлакатимизда китобхонликни кенгроқ тарғиб этиш, кутубхоналар ва ахборот-ресурс марказлари фаолиятини давр талабига монанд йўлга қўйиш, ёшларга китоб, мутолаа, кутубхона жозибадорлигини етказишда алоҳида аҳамият касб этади.
Назокат Усмонова, ЎзА