Китоб – машъала каби инсон йўлини ёритувчи нур ва бебаҳо маънавий бойлик
Инсон кўзида 300 мингдан ортиқ рецептик нур бўларкан, дейишади олимлар. Улар одамга самою замин мўъжизаларини теранроқ англаш, кўламини идрок этиш имконини бераркан.
Тажрибали журналист, моҳир таржимон ва изланувчан ижодкор Лазиз Раҳматовнинг «Дунё мамлакатлари» китобини катта қизиқиш билан ўқий бошладим ва беихтиёр шу гап ёдимга тушди.
Ушбу ижод маҳсули чиндан ҳам бугуннинг ноёб ҳодисаси – ҳажми, мазмун ва мантиқи, ер шари бағрида полопонлардек ўрнашиб олган 240 га яқин давлатлар ҳақидаги адоғи йўқ қизиқарли маълумотларни қамраб олгани билан диққатга сазовор. Буларнинг барчаси сизни янги, очилмаган тилсим сари, бетакрор борлиқ сари етаклайди.
Китобни очиб ўқиркансиз, телефон ва гаджетларни имкон қадар нари сурасиз, борлиқнинг янги сирлари беихтиёр сизни ўзига ром эта бошлайди. Дунё бор бўйи билан кўз олдингизда гавдаланади, худди қуёшга қараб юргандек бўласиз!

Китоб яна шуниси билан аҳамиятлики, биз Ўзбекистон ва ўзбек халқи ўлароқ жаҳон сари кенгроқ кириб борар эканмиз, бир-биримизни кўпроқ қўллаб-қувватлашга, барча ҳурфикр халқлар билан аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга чорлайди.
Яқинда Ургут туманида ўн йил давомида муаллифнинг машаққатли меҳнати эвазига яратилган «Дунё мамлакатлари» асари асосида ўтказилган китобхонлик тадбирида иштирок этдим. Унда муаллиф билан бирга сенатор, устоз шоир Абдусаид Кўчимов, муҳаббат куйчиси – шоир Муҳаммад Исмоил ҳамда таниқли журналистлар иштирокида ижодий мулоқот бўлиб ўтди.

Баҳслар ёш танламади. Унда 240 нафардан зиёд ургутлик иқтидорли ўқувчи ва ўқитувчилар китобга оид 50 та савол устида ўз маҳоратларини синади. Элликта саволга бир нечта ўғил-қизнинг тўлиқ жавоб топгани ёшларимизнинг китобни қандай мароқ билан ўқиётганини англатди.
Дарҳақиқат, китоб машъала каби инсон йўлини ёритувчи нур ва бебаҳо маънавий бойлик. Унга дўст тутинган одам фақат эзгуликка интилади.

– Мазкур асар ер шарида жойлашган катта-кичик ўлкалар, уларнинг имкониятлари ҳақидаги тушунча ва билимингизни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, – деди Абдусаид Кўчимов. – Бизга ҳам Америка сафари чоғида ушбу қўлланма жуда қўл келди. Ургутдаги шахсий кутубхонамиз билан биргаликда ўтказилган биринчи катта танлов ғолибларини тақдирладик. Насиб қилса, бу анъана давомли бўлади.
Анжуманда Лазиз Раҳматов инсон тафаккурининг илк шаклланиши бевосита унинг ўзи яшаб турган манзил, уни ўраб турган атроф-муҳит ва халқларнинг ўзаро дўстлашув имкониятлари билан боғлиқ эканини таъкидлади. Асарнинг яратилиши, унинг саҳифаларидан ўрин олган ҳар бир ахборотнинг ҳаққонийлиги устидаги машаққатли изланишлари ҳақида сўзлаб берди.

Сермазмун Ургут учрашуви якунида 40 нафар танлов ғолибига китоб жамланмалари совға қилинди.
Ҳозир сўлим қишлоғимнинг дилкушо табиати бағрида, ёлғизликнинг ҳаловатли кунларини «Дунё мамлакатлари»ни мароқ ила ўқишни давом эттиряпман.
Ҳар бир давлат – ўзига хос бир олам. Ушбу қомусий асарни сизларга ҳам тавсия этаман.
Наврўз Ризаев, журналист