Кимёвий воситалардан фойдаланишда меъёр жуда муҳим
Деҳқон учун даладаги ҳар бир кўчат — умид, ҳар бир ниҳол — меҳнат, ҳар бир ҳосил эса ойлар давомида қилинган ҳаракатнинг натижаси. Аммо баъзан биргина нотўғри танлов — сифатсиз ёки қалбаки препарат хариди — ана шу меҳнат самарасини йўққa чиқариши мумкин.
Ташқи кўриниши асл маҳсулотдан фарқ қилмайдиган, нархи эса нисбатан арзон бўлган кимёвий восита дастлаб манфаатлидек туюлади. Бироқ унинг ҳақиқий сифати кафолатланмаган бўлса, арзон харид катта зарарга айланиши ҳеч гап эмас. Чунки сифатсиз препарат зараркунанда ва касалликларга қарши курашда кутилган самарани бермаслиги, экинларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши, пировардида эса ҳосилдорлик ва маҳсулот сифати пасайишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган кимёвий воситалар савдоси ва улардан фойдаланиш устидан назорат кучайтирилмоқда. Вилоят Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармаси мутахассислари томонидан ердан фойдаланувчилар, фермерлар ва тадбиркорлар билан жойларда учрашувлар ўтказилиб, препаратларни танлаш ва улардан фойдаланишда эътиборли бўлиш зарурлиги тушунтирилмоқда.
Назорат тадбирлари давомида кимёвий воситаларнинг келиб чиқиши, сифати, қонуний муомалада экани, сақлаш шароитлари ҳамда амалиётда қўлланилиши ҳолатлари ўрганилмоқда. Ҳудудий инспекторларга аниқланган қонунбузилишларнинг олдини олиш, камчиликларни бартараф этиш ва белгиланган тартибда чора кўриш вазифалари юклатилган.

— Препарат танлашда фақат унинг нархига қараб қарор қабул қилиш тўғри эмас. Қишлоқ хўжалиги экинларини ҳимоя қилиш воситалари ишончли манбадан харид қилиниши, белгиланган талабларга жавоб бериши ва фойдаланиш йўриқномасига қатъий амал қилинган ҳолда қўлланилиши лозим, — дейди Сирдарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сарвар Саъдуллаев.
Айниқса, кимёвий воситани меъёридан ортиқ ёки кам қўллаш ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин. Шунинг учун препаратдан фойдаланишда унинг қўллаш меъёри, муддати ва агротехник талабларига амал қилиш муҳим.

Назорат билан бир қаторда профилактик ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фермерлар ва ердан фойдаланувчиларга қалбаки ҳамда сифатсиз воситаларнинг эҳтимолий зарари тушунтирилиб, уларни харид қилиш ва қўллашда ҳушёр бўлишга чақирилмоқда.
Зеро, далани зараркунанда ва касалликлардан асраш учун олинган препаратнинг ўзи ҳосилга хавф туғдирмаслиги керак. Бугун қилинган тўғри танлов эртага ҳосилда, даромадда ва фермер меҳнатининг самарасида намоён бўлади.
Сирдарёда кучайтирилаётган назоратнинг мақсади ҳам ана шунда — қалбаки ва сифатсиз кимёвий воситаларнинг муомалага кириб келишининг олдини олиш, экинларни ишончли ҳимоя қилиш ва сифатли ҳосил етиштириш учун шароит яратиш. Бу эса фермернинг вақти, меҳнати ва маблағи бекорга сарфланишининг олдини олади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири