“Кичик бизнес ва иш ўринлари коалицияси”дан қандай натижалар кутилмоқда?
Мамлакатимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда бизнес муҳитини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва Жаҳон банкининг молия, рақобатбардошлик ва инновациялар бўйича амалиёт менежери Сесил Тиоро Нианг ўртасида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Вазирлик мутахассислари, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ вакиллари, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбарлари ҳамда тегишли ташкилотлар ходимлари иштирок этган ушбу мулоқотда хусусий секторни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда аҳоли, айниқса ёшлар учун барқарор ва муносиб иш ўринларини яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда халқаро молия институтлари, давлат идоралари ва хусусий сектор вакиллари иштирокида шакллантирилаётган “Кичик бизнес ва иш ўринлари коалицияси” ташаббусининг кейинги босқичлари ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, мазкур платформа тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастур ва ресурсларни мувофиқлаштириш, ташаббуслар такрорланишининг олдини олиш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, коалиция доирасида бизнес муҳитини яхшилаш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, грант маблағлари ва техник кўмак дастурларидан самарали фойдаланиш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда зарур инфратузилмани ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар чоғида Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш учун молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш” (FINGROW) лойиҳасининг жорий ҳолати ва истиқболдаги вазифалари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, лойиҳа тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларга етиб бориш имкониятларини кенгайтириш, кафиллик механизмларини такомиллаштириш ҳамда инновацион ва энергия самарадор бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Бундан ташқари, “Сифатли иш ўринлари, инвестициялар ва инклюзив трансформацияни жадаллаштириш” (SaBIIT) лойиҳасининг асосий йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу ташаббус юқори ўсиш салоҳиятига эга стартаплар, янги экспортёрлар ва модернизацияга тайёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ҳамда халқаро қиймат занжирларига интеграциялашувини рағбатлантиришда муҳим.
Томонлар Жаҳон банкининг “B-READY” субмиллий тадқиқоти доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам фикр алмашди. Маълум қилинишича, тадқиқот доирасида ҳудудларда бизнес юритиш шароитлари таҳлил қилиниб, қурилишга рухсат бериш, халқаро савдо операциялари ва мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш каби йўналишлардаги амалиётлар баҳоланади.
Учрашув якунида томонлар хусусий секторни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА