Кибержиноятлар, криптовалюталар билан боғлиқ жиноятлар қандай тергов қилинади?
Венгриянинг Будапешт шаҳрида “Cyber Dark Web and Virtual Currency Investigations” – «Кибержиноятлар, Darknet ва криптовалюталар билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш» мавзусида ўқув курси ташкил этилди. Унда Ўзбекистон делегацияси вакиллари иштирок этди.
Ўқув дастури доирасида Darknet тармоғининг ишлаш тамойиллари ва асосий технологиялари, кибермаконда аноним ҳамда хавфсиз тергов ҳаракатларини олиб бориш, рақамли далилларни аниқлаш, расмийлаштириш ва сақлашнинг замонавий усуллари ўрганилди.
Криптовалюталар ва виртуал активлар билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш, криптовалюта транзакцияларини кузатиш ҳамда уларнинг ҳаракатини таҳлил қилиш бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди.

Мазкур ўқув курси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг кибержиноятчиликка қарши курашиш, Darknet муҳитида тергов ҳаракатларини амалга ошириш ва криптовалюталар билан боғлиқ жиноятларни фош этиш бўйича касбий билим ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА