Кибержиноят “иштирокчи”си ёки “қурбон”и бўлманг
Урганч давлат педагогика институтида талабалар билан киберхавфсизлик бўйича учрашув ўтказилди.
Унда Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Собиров, Ички ишлар вазирлиги академиясининг “Киберҳуқуқ” кафедраси доценти А.Неъматов ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида талаба-ёшлар ўртасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, интернет тармоғидан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда киберхавфсизлик қоидаларига риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, талабаларга кундалик ҳаётда учраши мумкин бўлган турли киберхавф ва таҳдидлар, интернет орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари, сохта ҳаволалар ва хабарлар орқали шахсий маълумотларни қўлга киритиш усуллари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири