Кегейлида Шинжон усулида пахта етиштириш тажрибаси
Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва юқори ҳосилдорликка эришиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Айниқса, сув тақчиллиги ва тупроқ шўрланиши билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлган Қорақалпоғистон Республикаси шароитида пахтачиликка замонавий агротехнологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
— Шу нуқтаи назардан, Кегейли туманида Хитой тажрибаси асосида Шинжон усулида пахта етиштириш бўйича амалга оширилган тажриба алоҳида эътиборга лойиқ, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари Маҳмуд Муханов. — Мазкур тажриба сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, агротехник тадбирларни мақбуллаштириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини кўпайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жорий йилда тумандаги “Ичанқалъа” овул фуқаролар йиғини ҳудудида хитойлик тадбиркорлар иштирокида 50 гектар майдонда Хитой технологияси асосида, Шинжон усулида пахта етиштирилди. Май ойида чигитлар томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланган ҳолда, плёнка остига экилди. Айни пайтда мазкур майдонда пахта йиғим-терими давом этмоқда.
Дастлабки натижаларга кўра, ушбу майдонда ҳар гектардан ўртача 72 центнер, яъни 7,2 тоннадан ҳосил олинмоқда. Бу кўрсаткич замонавий технологияларни маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш ва улардан самарали фойдаланиш истиқболларини ўрганиш учун муҳим тажриба ҳисобланади.
Шинжон усулининг асосий жиҳатларидан бири экишдан бошлаб суғориш, озиқлантириш ва бошқа агротехник жараёнларни ўзаро уйғунлаштириш орқали ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишдир. Бунда томчилатиб суғориш сувни бевосита ўсимлик илдиз зонасига етказиш имконини беради. Плёнка остида экиш эса тупроқ намлигини сақлаш, бегона ўтлар ривожланишини чеклаш ва экин парваришига сарфланадиган айрим харажатларни камайтиришга хизмат қилиши мумкин.
[gallery-32180]]
Қорақалпоғистон шароитида пахта етиштириш жараёнида сув ресурслари билан бир қаторда меҳнат, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва техника харажатларидан самарали фойдаланиш ҳам муҳим ҳисобланади.
Анъанавий усулда пахта етиштиришда ернинг шўрини ювиш, қатор ораларига ишлов бериш, бегона ўтларни йўқотиш ва бошқа агротехник тадбирлар учун катта миқдорда сув, меҳнат ҳамда моддий ресурслар талаб этилади. Шинжон усулида қўлланилаётган технологик ечимлар ушбу харажатларнинг бир қисмини камайтириш имконини беради.
Хусусан, тажриба майдонида куз-қиш ойларида тупроқ шўрини ювиш учун сув сарфланмагани қайд этилмоқда. Минерал ўғитларни суғориш сув билан бирга ўсимлик илдизига етказиб бериш эса озиқлантириш жараёнини самарали ташкил этишга ёрдам беради. Шунингдек, плёнка билан қопланган қаторларда бегона ўтларнинг камайиши ва қатор ораларига механизация воситалари ёрдамида ишлов беришга эҳтиёжнинг қисқариши меҳнат ҳамда техника харажатларини тежаш имконини яратади.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича фермер хўжаликлари томонидан жами 80 минг гектар майдонда пахта етиштириш режалаштирилган. Шундан 50 минг 832 гектар майдонда 76x10 экиш схемаси қўлланилган. Шунингдек, 21 минг 400 гектар майдонда Шинжон усулида пахта етиштириш йўлга қўйилган, 38 минг 355 гектар майдонда эса хорижий селекцияга мансуб навлар экилган.
Ушбу кўрсаткичлар ҳудудда пахтачиликни ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Кегейли туманида амалга оширилган тажриба келгуси йилда Шинжон усулида пахта етиштириш майдонларини кенгайтириш масаласини кун тартибига олиб чиқди. Дастлабки режаларга кўра, хитойлик инвесторлар иштирокида туманда 3 минг гектар майдонда ушбу технология асосида пахта экиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур режада шўр ювиш тадбирларисиз пахта етиштириш имкониятларини ўрганиш ҳам назарда тутилган. Бироқ бундай ёндашувни амалиётга кенг жорий этишда ҳар бир майдоннинг тупроқ шўрланиши, сизот сувлари сатҳи ва минерал таркиби, сув сифати ҳамда дренаж ҳолатини ҳисобга олиш зарур. Шўрланиш хавфи юқори бўлган ерларда шўр ювишдан бутунлай воз кечиш тупроқ ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли ушбу технологияни кенгайтириш илмий тавсиялар ва тупроқ таҳлиллари асосида амалга оширилиши лозим.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни таъминлаш нафақат юқори ҳосил олиш, балки ҳар бир гектар ер, ҳар бир куб метр сув ва сарфланган ҳар бир маблағдан оқилона фойдаланишни талаб этади.
Мазкур туманда Шинжон усулида пахта етиштириш бўйича олиб борилаётган тажриба айнан шу мақсадларга хизмат қилади. Унинг натижаларини тизимли ўрганиш, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос жиҳатларини аниқлаш ва иқтисодий самарадорлигини ҳисоб-китоблар билан асослаш келгусидаги ишларнинг устувор йўналишларидан бўлиши керак.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА