Давлат активлари агентлиги ва ОТБ молиявий барқарорлик масалаларини муҳокама қилди
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, қарздорликни тартибга солиш ва уларнинг тўлов қобилиятини тиклаш давлат активларини самарали бошқаришда муҳим ўрин тутади.
Бу масалалар Давлат активлари агентлиги ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вакиллари ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги қонунни давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан қўллашнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Хусусан, молиявий қийинчиликларни эрта аниқлаш, қарздорликни тартибга солиш ва кредиторлар билан ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга эътибор қаратилди.
Шунингдек, молиявий аҳволи оғирлашган корхоналарни соғломлаштириш, қарзларини қайта таркиблаш ҳамда тўлов қобилиятини тиклаш имкониятлари муҳокама қилинди. Ушбу чоралар кутилган самарани бермаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда ўз вақтида қарор қабул қилиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни изчил қўллаш молиявий интизомни мустаҳкамлаш, давлат активларидан оқилона фойдаланиш ва кредиторларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Агентлик ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашув якунида томонлар қонунчиликни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА