Жиззахда йил якунигача сармоялар ҳажми 2,7 миллиард долларга етказилади
Жиззах вилоятида жорий йил якунига қадар инвестициялар ҳажмини 2,7 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баробар ўсишни англатади. Вилоятда 9 ой давомида 1,3 миллиард долларлик хорижий сармоя ўзлаштирилди.
Жиззах вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан “BMB Holding” компанияси конференция залида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Баҳром Юсупов 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида амалга оширилган ишлар ва олдинда турган устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.
Рақамлар эътиборни тортади: ҳисобот даврида қарийб 1,3 миллиард долларлик хорижий сармоя ўзлаштирилди. Бу режадаги кўрсаткичдан 40 фоиз юқори. Бироқ йиллик марра ҳали олдинда – инвестициялар ҳажмини 2,7 миллиард долларга етказиш, экспортни 306 миллион долларга чиқариш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш зарур.
Вилоят ҳокими ўринбосари жорий йил якуни бўйича кутилаётган натижаларга тўхталиб: «Жорий йилда инвестициялар ҳажмини 2,7 миллиард долларга етказиб, ўтган йилга нисбатан икки баробар ўсишга эришишни мақсад қилганмиз», дея таъкидлади.
Бу вазифаларнинг замирида янги корхоналар, замонавий технологиялар ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи турибди. Кейинги йилларда Жиззахда автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик ва қурилиш материаллари саноатининг ривожланиши вилоят иқтисодиёти таркибини ўзгартирмоқда. «BYD», «KIA», «CHERY» ва «HAVAL» каби халқаро брендлар билан боғлиқ лойиҳалар эса ҳудуднинг саноат салоҳиятини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Жумладан, Жиззах шаҳрида автомобиллар учун электр кабеллари ва пластик деталлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шароф Рашидов туманида LED лампалар ишлаб чиқариш корхонаси 150 та иш ўрни яратди. Зоминда «ARTEL ELECTRONICS ZOMIN» лойиҳасининг иккинчи босқичи ишга туширилиши натижасида эса яна 1 500 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Дўстлик туманидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам 750 та янги иш ўрнини юзага келтирди.
Вилоятдаги иқтисодий фаоллик фақат саноат билан чекланмайди. 2026 йилда умумий қиймати 14 триллион сўмлик 423 та ҳудудий лойиҳани ишга тушириш ва 8 894 нафар кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган. Январь-сентябрь ойларида эса 5,4 триллион сўмлик 319 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 739 та янги иш ўрни яратилди.
Арнасой туманидаги Айдар-Арнасой кўллари соҳилида барпо этилган туризм мажмуаси ишлаб чиқаришдан ташқари хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам янги имкониятлар очилаётганини кўрсатади. Қиймати 330 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида 204 нафар киши иш билан таъминланди.
[gallery-32163]
“Замонавий технологияларга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш, янги саноат тармоқларини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, дея қайд этди вилоят ҳокимининг ўринбосари.
Иқтисодий ўсишнинг яна бир муҳим мезони – экспорт. Вилоятда тўққиз ойда 179,7 миллион долларлик маҳсулот ташқи бозорларга етказиб берилди. Натижада режа 109 фоизга бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоиз ўсиш қайд этилди. Шундан саноат маҳсулотлари экспорти 163,1 миллион, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти эса 16,6 миллион долларни ташкил қилди.
Йил охиригача яна 126 миллион долларлик экспортни таъминлаш талаб этилади. Бунинг учун тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқлар маҳсулотларини хорижий бозорларга чиқариш кўлами кенгайтирилади. Айниқса, жорий йилда 30 минг гектар майдонда етиштирилган мош ҳосилидан 40 минг тонна маҳсулот олинди. Унинг 60 фоизини экспортга йўналтириш орқали 25 миллион долларлик валюта тушумига эришилиши кутилмоқда.
Баҳром Юсупов ўз маърузасида “Экспорт бўйича белгиланган марраларга эришиш учун корхоналар билан манзилли ишлаш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлашимиз лозим”, дея таъкидлади.
Халқаро ҳамкорлик ҳам янги лойиҳалар учун муҳим манба бўлмоқда. Халқаро инвестиция форуми доирасида бир қатор давлатлар инвесторлари билан учрашувлар ўтказилиб, умумий қиймати 500 миллион долларлик лойиҳалар бўйича келишувларга эришилган. Йил якунига қадар инвестиция дастурлари доирасида яна 417 та лойиҳани ишга тушириш ва 8 392 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида маҳаллийлаштириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Дастур доирасида 74 та лойиҳа орқали 666 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бу маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш занжиридаги иштирокини кенгайтириш ва ташқи бозорларга қарамликни камайтиришга хизмат қилади.
Демак, Жиззах олдидаги вазифа фақат инвестиция жалб қилиш ёки янги корхоналар очишдан иборат эмас. Муҳими, ҳар бир лойиҳа ишлаб чиқариш ҳажми, барқарор иш ўрни ва бозорбоп маҳсулот билан иқтисодиётга ҳисса қўшиши керак. Матбуот анжуманида белгиланган марраларнинг амалий натижаси ҳам айнан шу мезонлар билан баҳоланади.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари