Катта орзулар сари йўл (+видео)
Тошкент шаҳридаги Беларус-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбири ҳамда битирувчи талабаларга диплом топшириш маросими ўтказилди.
Юртимиздаги барча таълим муассасаларида ўқув йили бошланиб, шаҳримиз кўчалари талабалар билан тўлди. Талабалик даври олтинга тенглаштирилгани бежиз эмас. Бу даврдаги ҳар бир кун унутилмас воқеаларга тўлиб, инсон хотирасига ёзилади.
Тошкент шаҳридаги Беларус - Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтида “Бир Ватан, бир халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги келажакни биргаликда бунёд этайлик” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбири ҳамда битирувчи талабаларга диплом топшириш маросими ўтказилди. Тадбир давомида 430 нафар институт битирувчи талабаларига мутахассислик дипломи фахрий меҳмонлар томонидан тантанали тарзда топширилди.
Маълумот учун, Тошкент шаҳридаги Беларус - Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти 2019 йил 20 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида ташкил этилган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, институт амалий техник квалификациялар бўйича замонавий муҳандис кадрларни тайёрлаб, таълим жараёнида икки давлатнинг таълим тажрибасини уйғунлаштиради. Жорий йилда институтга бакалавриатга 680 нафар, магистратурага 620 нафар талаба қабул қилинган.
Битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида институт қошида “Карьера маркази” самарали фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, Университет томонидан битирувчиларни иш билан банд қилиш ва амалиёт ўташ бўйича 40 дан ошиқ ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Фурсатдан фойдаланиб, битирувчиларга юксак марраларни эгаллашларидан омад тилаб қоламиз.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА