Чўлқуварларнинг “Илк ривожланиш маркази” бор
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида Бухоро вилоятининг чўлқуварлар ҳудуди ҳисобланган Қоровулбозор туманида “Илк ривожланиш маркази”нинг ташкил этилгани эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди.
Мазкур марказнинг асосий мақсади — мактабгача таълимга жалб этилмаган болаларни қамраб олиш, уларнинг жамиятга мослашувига кўмаклашиш, билим ва кўникмаларини эрта шакллантириш ҳамда ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шароит яратишдан иборатдир.

Марказ туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги бўш турган бинода ташкил этилди. Қисқа вақт ичида бино тўлиқ замонавий таъмирдан чиқарилиб, болажонлар учун ёруғ, шинам ва хавфсиз муҳит яратилди. Хоналар замонавий ўқув-услубий воситалар, ривожлантирувчи ўйинлар ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, болаларнинг мазмунли вақт ўтказиши учун хавфсиз ўйин майдончалари барпо этилди.

Яратилган бундай қулай муҳит кичкинтойларнинг баркамол улғайиши, дунёқараши кенгайиши ва илк билимларни самарали ўзлаштиришига хизмат қилмоқда. Энг муҳими, марказ болаларнинг иқтидор ва салоҳиятини эрта аниқлаш, уларни келажакда билимли ва ватанпарвар шахслар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирги кунда марказнинг икки гуруҳида 60 нафар бола қамраб олинган. Машғулотлар бир сменада, кунига 4 соатдан ташкил этилган бўлиб, болаларнинг ёши, қизиқиши ва психологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тарбиявий ҳамда ривожлантирувчи дарслар ўтилмоқда. Бу жараён орқали уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш ва мактаб таълимига пухта тайёрлаш мақсад қилинган.
Марказ фаолиятида инклюзив таълим тамойилларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳамиятлидир. Хусусан, алоҳида парваришга муҳтож ва имконияти чекланган болалар учун уйга борган ҳолда индивидуал таълим бериш тизими йўлга қўйилди. Бу эса ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланаётганини, ҳеч бир фарзанд эътибордан четда қолмаётганини кўрсатади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай марказлар нафақат болаларнинг билим олишига, балки оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва жамиятда ижтимоий тенглик муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Туманда ташкил этилган “Илк ривожланиш маркази” келажак авлод тақдирига қаратилган муҳим ва эзгу ташаббуслардан бири бўлди. Бу каби марказларнинг кўпайиши эса ҳар бир боланинг билимли, баркамол ва бахтли келажак сари ишонч билан қадам ташлашига мустаҳкам замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири